Озарбайжон Европада Россиянинг ўрнини эгалламоқчи. Алиевнинг ниятлари катта

Олам

image

Озарбайжон Европага газ экспортини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Илҳом Алиев кеча, 6 октябрь куни Прагадаги Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити якунлари бўйича Озарбайжон телеканалларига берган интервьюсида маълум қилди

Унинг таъкидлашича, дунёдаги ҳозирги геосиёсий вазият Озарбайжон ресурсларига талабни кескин оширган. 

“Европа Иттифоқи билан имзоланган меморандумга асосланиб, яқин йилларда Европага газ экспортини камида икки баробарга оширишни режалаштирмоқдамиз. Яъни, ўтган йили 9 миллиард куб метр бўлган бўлса, 2027 йилда камида 18 миллиард куб метр, балки ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин”, дейди  Алиев. 

Унинг сўзларига кўра,  республика янги газ конларини ўзлаштиришга киришмоқда. Шу билан бирга, мавжуд конларда ишлаб чиқариш кўпайтирилади.  

“Қолаверса, Озарбайжонда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш катта миқдорда табиий газ захираларини яратади”, дейди Илҳом Алиев. 

Президентга кўра, Баку газдан ташқари Европага нефть ва электр энергиясини экспорт қилишни давом эттиради.

“Озарбайжон Европа учун, нафақат Европа, балки бутун дунё учун жуда муҳим стратегик энергия ҳамкорига айланади”, дейди у. 

Йил охиригача Баку Европа Иттифоқига 12 миллиард куб метр газ етказиб беришни ваъда қилмоқда.

2022 йил охиригача Озарбайжон Европа Иттифоқига 2021 йилга нисбатан 30 фоизга кўпроқ табиий газ етказиб беришни режалаштирмоқда. Республика Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда Европага етказиб беришнинг умумий ҳажми 12 миллиард куб метрни ташкил қилади.

Озарбайжон билан бир қаторда Европадаги энергетика инқирози фонида Европа Иттифоқига газ етказиб беришни Исроил ҳам оширишни режалаштирмоқда. Исроил Бош вазири Яир Лапиднинг сўзларига кўра, мамлакат Европа Иттифоқига 2021 йилда Европа Россиядан оладиган газ миқдорининг тахминан 10 фоизини етказиб бера олади. 

Ҳозирда Европа газ бозорида туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Россиянинг Украинага бўлган тажовузкорлиги ва Россия ва Ғарб давлатлари ўртасидаги санкциялар қарама-қаршилиги натижасида Европага кўк ёқилғи етказиб бериш сезиларли даражада камайди. 

Европа Иттифоқи давлатлари Европа, Осиё ва Америкадаги янги етказиб берувчиларга йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, суюлтирилган газдан фойдаланишни кенгайтириш, фуқаролар ва саноат корхоналари томонидан газ сарфини тежаш, шунингдек, газ билан ишлайдиган электр станциялари фаолиятини тўхтатиш каби чоралар кўрилди.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Европа Озарбайжон Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

152

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг