Озарбайжон яна Эрон дипломатини ТИВга чақиртирди

Олам

image

Эрон Ислом Республикасининг Бакудаги муваққат ишлар вакили Саид Жаъфар Оғойи Марян бугун, 25 январь куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу ҳақда Озарбайжон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув давомида сўнгги вақтларда ҳукуматга яқин бўлган Эрон матбуотида Озарбайжон манфаатларига ва мамлакат раҳбариятига қарши очиқча олиб борилган кампанияга норозилик билдирилган. Хусусан, узоқ танаффусдан сўнг Теҳронда ўтказилган “Озарбайжон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги иқтисодий, савдо ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик бўйича давлат комиссиясининг” 16-йиғилишидан ва самарали расмий учрашувлардан сўнг, Озарбайжоннинг Эрон пойтахтидаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ҳолда асоссиз равишда норозилик билдириши ва Эрон матбуотида кампаниянинг кенгайтирилиши тушунарсиз экани таъкидланган.

Шунингдек, Ардебил шаҳрида ўтказилган йиғилишда Озарбайжонга қарши айтилган ҳақоратомуз сўзлар учун имом Саид Ҳасан Амелининг узр сўраш ўрнига, уни қўллаб-қувватлайдиган кампания олиб борилиши ва бир қатор диний ходимларнинг Озарбайжонга қарши фаолиятда иштирок этиши қабул қилинмаслигига алоҳида эътибор қаратилган.

“Бундай ҳаракатларнинг икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга зарар етказишни мақсад қилгани ва уларнинг олдини олиш зарурлиги таъкидланган. Эроннинг муваққат ишлар вакили айрим нохуш баёнот ва ҳаракатлардан афсусдалигини билдириб, масалани ўз мамлакатининг ваколатли органларига етказишга ваъда берган”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Саид Жаъфар Оғойи Марян Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди. Учрашув давомида 2024 йил 29 декабрда Ардабил вилоятида Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаийнинг вилоят бўйича вакили, имом Саид Ҳасан Амели иштирокида Эроннинг радио ва телевидение ташкилотининг “Хабар тармоғи” каналида эфирга узатилган дастурда Озарбайжон ва унинг раҳбарига қарши айтилган ҳақоратли ифодаларга нисбатан Эрон томонига кескин норозилик билдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг