Озарбайжон ва Россия Ақтаудаги авиаҳалокат бўйича келишиб олди

Олам

image

Озарбайжон ва Россия Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида содир бўлган AZAL самолёти ҳалокати бўйича масалани якуний ҳал қилди. Бу ҳақда бугун, 15 апрель куни мамлакатлар Ташқи ишлар вазирликлари қўшма баёнот берди.

“Томонлар 2024 йил 25 декабрь куни Россия Федерацияси ҳаво ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг бехосдан ишлаб кетиши оқибатида Ақтау шаҳри яқинида содир бўлган “Azerbaijan Airlines” (AZAL) компаниясига тегишли Embraer 190 самолёти ҳалокати оқибатларини бартараф этиш, жумладан, товон пули тўлаш масаласида тегишли келишувга эришдилар”, дейилади баёнотда.

Унда айтилишича, қўйилган қадамлар иттифоқчилик алоқалари доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича икки томонлама ниятни тасдиқлайди.

“Биз авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур таъзия изҳор этамиз ва ушбу фожиадан жабр кўрган барчаганинг дардига шерикмиз”, дея баёнот берди икки давлат ТИВлари.

Эслатиб ўтамиз, Embraer самолёти 2024 йилнинг 25 декабрь куни Баку–Грозний рейсини амалга ошираётиб, Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган эди. Фожиа оқибатида 38 киши ҳалок бўлган, 29 киши тирик қолган. Озарбайжон томони самолёт Россия Ҳаво мудофааси кучлари томонидан уриб туширилганини даъво қилган. Бу воқеа Москва ва Баку муносабатларида кескин нуқтага олиб келди. Президент Илҳом Алиев айбдорларни жазолаш ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига, шунингдек, AZAL’га ҳам товон тўланишини талаб қилган эди. Кейинроқ Россиянинг “АльфаСтрахование” суғурта компанияси AZAL’га самолётнинг тўлиқ суғурта қиймати – 1 миллиард 3 миллион рубль (тахминан 12,34 миллион доллар) тўлаб бергани маълум бўлди. Шунингдек, жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг қариндошларига жами 358,4 миллион рубль (тахминан 4,4 миллион доллар) тўлаб берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон авиаҳалокат AZAL

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг