Озарбайжонда коронавирусга чалинганлар сони ортиб бормоқда. Шу муносабат билан мамлакатда бир қатор чекловлар жорий этилади. Қарор Республикада амалда бўлган махсус карантин режими доирасида қабул қилинган.
Унга кўра, 19 октябрь ярим тундан 2 ноябрь эрталабгача Баку метроси фаолияти тўхтатилади. Шу муддат давомида мамлакатдаги барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинади.
Озарбайжон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли буйруғига биноан давлат тузилмалари ходимлари сони 30 фоизгача қисқартирилди. Шунга ўхшаш қадамлар хусусий сектор муассасалари ва ташкилотлари учун ҳам тавсия этилган.