Озарбайжон Эрон уюштирмоқчи бўлган ҳужумларни тўхтатиб қолди
Олам
−
07 Март 8620 2 дақиқа
Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) мамлакатда амалга оширилиши режалаштирилган бир қатор ҳужумларнинг олдини олди. Маълумотларга кўра, ушбу режалар Эроннинг энг муҳим ҳарбий-сиёсий тузилмаларидан бири Исломий инқилоб қўриқчилари корпуси билан боғлиқ бўлган. Бу ҳақда “Azertac” хабар берди.
Терговга кўра, ҳужумлар орқали мамлакатда ваҳима уйғотиш ва Озарбайжоннинг халқаро обрўсига зарар етказиш мақсад қилинган. Нишон сифатида қуйидаги объектлар танланган:
- Баку–Тбилиси–Жейхан нефть қувури;
- Озарбайжондаги Исроил элчихонаси;
- Тоғ яҳудийлари диний жамоасининг раҳбарларидан бири;
- Ашкеназ яҳудийлари синагогаси.
Тергов давомида мамлакат ҳудудига олиб кирилган 3 та портловчи қурилма аниқланиб, зарарсизлантирилган. Улардан бири Бакудаги Шихов қишлоғи яқинидаги жойдан топилиб, унинг ичида 7,7 кг С-4 портловчи моддаси борлиги аниқланган. Бу модда ер остида жойлашган қувурлар ёки бетон иншоотларни портлатиш учун мўлжалланган.
ДХХ оператив кузатувлари натижасида портловчи қурилмаларни яшириш ва олиб кетиш билан шуғулланган бир нечта шахслар аниқланган. Тергов маълумотларига кўра, айрим Озарбайжон фуқаролари Эрон фуқаролари билан жиноий алоқа ўрнатиб, портловчи моддаларни яшириш ва етказиб беришда қатнашган.
Шунингдек, тергов давомида яна бир портловчи қурилма Бакудаги кемасозлик заводи яқинидан топилган. Унинг зарба радиуси 250–300 метр экани аниқланган.
Бундан ташқари, тергов жараёнида айрим шахслар Озарбайжонда яшовчи яҳудий миллатига мансуб шахсларга қарши суиқасд режалари тайёрлаш бўйича топшириқлар олгани ҳам маълум бўлган. Улардан бири жамоат арбобига суиқасд уюштириш учун 80 минг манат мукофот ваъда қилгани аниқланган.
Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати ўтказган тезкор тадбирлар натижасида ушбу ҳодисаларнинг олди олинган. Бир нечта Озарбайжон фуқаролари қўлга олинган ва улар айбларини тан олган. Уларнинг айримлари 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур террор режаларини ташкил этишда Исломий инқилоб қўриқчилари корпуси разведка тузилмасининг полковник унвонидаги ходими Али Асгар Бордбар Шерами асосий ташкилотчилардан бири сифатида кўрсатилган.
Мазкур жиноятларни ташкил этишда гумон қилинаётган бир неча Эрон фуқароси халқаро қидирувга берилган. Озарбайжон махсус хизматлари хорижий разведкалар билан боғлиқ террор ва провокация режалари юзасидан терговни давом эттирмоқда.
Live
Барчаси