Озарбайжон БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо қатор давлатларнинг позициясидан норози
Олам
−
21 Декабрь 2022
3305Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига аъзо қатор давлатлар Озарбайжонга нисбатан нохолис ва бирёқлама позицияни намоён этмоқда, бу эса чуқур хавотирга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Хавфсизлик кенгашида республиканинг Қорабоғ иқтисодий минтақасидаги вазият муҳокамасига жавобан маълум қилди.
Баку маҳаллий аҳоли фойдаланиши учун товарлар етказиб бериш ёки зарур тиббий хизматлар кўрсатишда ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини таъкидлади.
“Озарбайжон яна бир бор барча мамлакатларни БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқдан келиб чиқадиган мажбуриятларга риоя қилишга, Озарбайжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган баёнотлардан тийилишга чақиради. Халқаро ҳамжамият Ереванни сиёсий ва ҳарбий провокацияларни тўхтатишга, тажовузкор риторика ва ҳаракатлардан воз кечишга, давлатлараро муносабатлар доирасида барча масалаларни тинч дипломатик ечимга эришишга ишонтириши керак”, дейилади ТИВ хабарида.
14 декабрь куни Арманистон Озарбайжонни Лочин йўлагини тўсиб қўйишни мажбурлаш талаби билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилди. 12 декабрь куни Озарбайжон экологик нодавлат нотижорат ташкилотларининг бир гуруҳ фаоллари Қорабоғдаги Лочин-Шуша йўлида Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган ҳудудларда табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланишга қарши норозилик акциясини бошлади. Экологик фаоллар чодирлар ўрнатиб, “ноқонуний эксплуатация кўпайгани кузатилаётган” Қизилбулоғ ва Дамирли конларига етиб бормагунча кетиш ниятида эмасликларини айтишди.
Баку норозилик акциясидан мақсад ҳеч қандай йўлни тўсиб қўйиш эмаслигини, фуқаролик воситалари ҳар икки йўналишда ҳам эркин ҳаракатлана олишини билдирди.
Ереван бугун, 21 декабрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашини минтақадаги гуманитар вазиятни баҳолаш учун (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғга миссия юборишга чақирди.
LiveБарчаси