Озарбайжон 1 августдан Сурияга газ етказиб беришни бошлайди
Олам
−
24 Июль 2853 1 дақиқа
Озарбайжон табиий гази жорий йилнинг 1 августидан бошлаб Туркия жанубидаги Килис вилояти орқали Сурияга етказилади. Бу ҳақда Туркиянинг “Yeni Shafak” нашри хабар берди.
Билдирилишича, дастлабки босқичда Озарбайжон Сурияга ҳар йили 1 миллиард куб метр табиий газ жўнатади. Бу кўрсаткич кунига 6 миллион куб метрга кўтарилиб, йилига 2 миллиард куб метрга етказилади.
Нашрнинг ёзишича, газ Сурияга Туркия чегараси орқали киради ҳамда Ҳалаб, Ҳомсдаги электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатилади. Тахминан 1200-1300 мегаватт электр қувватига ҳисса қўшадиган бу ташаббус Сурия учун муҳим бурилиш нуқтасидир.
Билдирилишича, Озарбайжон томонидан амалга оширилган лойиҳа Суриянинг қулаб тушаётган электр инфратузилмасини жонлантириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Сурия Араб Республикасининг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара 12 июль куни амалий ташриф билан Озарбайжон Республикасига бориб, мамлакат Президенти Илҳом Алиев билан учрашганди.
Маржона Муродова