Озарбайжон ҳаво йўллари Баку-Қозон йўналиши бўйича барча рейсларни тўхтатди

Олам

image

Қозон устидаги ҳаво ҳудудининг вақти-вақти билан ёпилиши муносабати билан Озарбайжон ҳаво йўллари (AZAL) парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Баку-Қозон-Баку” йўналишидаги барча рейсларни номаълум муддатга тўхтатади. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу маълумотларга кўра, “ушбу йўналиш бўйича чипта сотиб олган йўловчилар тўловни тўлиқ қайтариб олиш ёки жарима солмасдан маршрутни ўзгартириш учун ариза беришлари мумкин”.

Билдирилишича, Озарбайжон ҳаво йўллари вазиятни диққат билан кузатиб боришда давом этмоқда ва йўловчиларни жадвалдаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида зудлик билан хабардор қилади.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.

Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди. Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон Қозон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг