Оз қолган Янги йил: байрам тарихи ва анъаналари ҳақида нималар маълум?

Бу қизиқ

image

Янги йил кириб келишига саноқли кунлар қолди. Янги йил кўпчилик катталар ва болаларнинг энг севимли байрамларидан биридир. 

Байрамга тайёргарлик олдиндан бошланади ва декабрь ойининг охирига келиб, шаҳарлар кўчалари чироқлар билан порлайди. Ҳамма жойда байрамона муҳит ҳукм суради: уйларда, дўконларда, ресторанларда. Ёқимли Янги йил “шовқини” барчани истисносиз қамраб олади. 

Одамлар дўстлари ва оиласи учун совға излашга тушади, байрам куни учун энг чиройли либосларни танлайди ва байрам дастурхони таомномаси ҳақида бош қотиради. 

Байрамнинг пайдо бўлиш тарихи 

Янги йилни нишонлаш тарихининг илдизлари Месопотамияга (ҳозирги Ироқ ҳудуди) бориб тақалади, у ерда баҳор уйғонишини нишонлаш анъанаси март ойида пайдо бўлган. Хурсандчилик бир ҳафтадан ортиқ давом этган. Бу кунларда ҳеч ким ишламаган, одамлар байрамларга, маскарадларга борган. Кейинчалик, Янги йилни нишонлаш одати юнонлар, кейин эса мисрликлар ва римликлар томонидан қабул қилинган.

Ўзбекистонга Янги йилни 31 декабрда нишонлаш одатини руслар олиб кирган. Россияда Янги йил ҳар доим ҳам 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси нишонланмаган. Янги хронологиянинг пайдо бўлиши билан байрам учун 1 март санаси белгиланган, кейинчалик у 1 сентябрга кўчирилган. 1699 йилда шоҳ Пётр I Янги йилни 1 январда нишонлаш тўғрисида фармон чиқарган. Бу Григориан тақвими бўйича яшаган барча Европа мамлакатлари мисолида амалга оширилган.

Янги йил анъаналари 

Ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос Янги йил анъаналари бор, аммо бутун дунё бўйлаб одамлар амал қиладиган бир нечта урф-одатлар мавжуд. 

Бутун оила билан бир даврада бўлиш. Аксарият одамлар байрамни иссиқ, қулай, уй шароитида нишонлашга интилади. Оила ва дўстлар даврасида тилаклар билдириш, байрам дастурхонида ўтириш — булар дунёнинг барча мамлакатларида қадрланади! 

Уйни безатиш. Қадим замонлардан бери уйда байрамона муҳит яратиш одат тусига кирган. Ўша пайтларда уйлар олма, ёнғоқ, картошка ва ҳатто тухум билан безатилган. Кўп ўтмай, пуфаклар, гулчамбарлар ва бошқа таниш декоратив элементлар пайдо бўлган. Бугунги кунда Янги йил безакларини танлаш шунчалик ажойибки, уйни ўзига хос қиладиган нарсани танлаш қийин бўлмайди. 

Совғалар бериш. Ҳеч бир Янги йил совғаларсиз ўтмайди. Совға бериш анъанаси, албатта, энг ёқимли одатлардан биридир! 

Янги йил белгилари 

Қуйида турли мамлакатларнинг энг ноодатий Янги йил белгилари билан танишасиз: 

Кипр ороли аҳолиси қоронғулик янги йилда омад олиб келишига ишонишгани учун ярим тунда уйларида бир муддат чироқни ўчиришади. 

Байрам арафасида кўплаб италияликлар эски нарсаларни деразадан улоқтиришади ва ўша пайтда улар қизил кийимда бўлишади. 

Хитойликлар байрам билан бирга уйга келадиган фаровонлик ва омадни тасодифан “кесиб қўймаслик” учун Янги йил арафасида қайчи, пичоқ ва бошқа ўткир нарсалардан фойдаланмайди. 

Французлар ғилдиракни бахтли янги йил рамзи деб билишади, шунинг учун улар кўпинча дўстлари ва оила аъзоларига совға сифатида ғилдирак тақдим этади. 

Янги йил арчаси 

Янги йил учун арча безатиш кўплаб мамлакатларда одатий ҳолдир. Байрам рамзи сифатида нафақат арча, балки ҳар қандай игнабаргли дарахт ҳам хизмат қилиши мумкин. Ушбу анъананинг тарихи узоқ вақт олдин бошланган. Деярли барча халқлар доимо яшил ўсимликларни ҳурмат қилган. Аввалига улар ўрмонларда ёки уйлар ёнида, уларни кесиб ташламасдан безатишган. Кейинчалик ўз уйларига дарахтлар қўйишни бошлашган, бу анъана бугунги кунгача сақланиб қолган, аммо сунъий ўсимликлар тирик ўсимликлар ўрнини эгалламоқда. Арчани чироқлар, гулчамбарлар, қарағай конуслари, ширинликлар билан безатиш одатий ҳолдир. 

Янги йил столи 

Анъанага кўра, Янги йил дастурхони бой бўлиши керак, аммо қандай таомлар тайёрлашни ҳар ким ўзи ҳал қилади. 

Англияда Рождество пудинги 

Англиядаги деярли ҳар бир уйда ун, лимон қобиғи, олма, майиз, ёнғоқ ва зираворлардан десерт тайёрланади. У байрамдан бир ой олдин тайёрлана бошлайди! Ширинликни, айниқса, оиланинг ёш аъзолари севиб истеъмол қилади.

АҚШда тўлдирилган курка 

Америка Қўшма Штатларида турли байрамлар учун курка пиширишни яхши кўришади ва Янги йил ҳам бундан мустасно эмас. Парранда гўштини тўлдириш мутлақо ҳар қандай бўлиши мумкин, ҳар бир оила уни ўз рецепти бўйича тайёрлайди. 

Австрия ва Венгрияда штрудель 

Янги йил дастурхонида анъанавий десерт ўзининг фахрли ўрнини эгаллайди. Одатда уни дастурхонга музқаймоқ билан тортишади. 

Японияда “Моти” ширинликлари

Гуруч хамиридан тайёрланган “нозик” ширинликлар нафақат Янги йил байрамида дастурхонга қўйилади, балки меҳмонга келган дўстлар, қўни-қўшнилар ва қариндошларга ҳам тарқатилади.

Ўзбекистонда “оливье” ва мандарин

Янги йил дастурхони Ўзбекистонда ҳам тўкин, мазали ва калорияли таомларга бой бўлади. Анъанавий, ҳар Янги йилда дастурхонга қўйиладиган егуликлар эса “оливье” салати ва ёқимли ифорга эга мандаринлардир.


Мақола муаллифи

Теглар

Янги йил

Баҳолаганлар

169

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг