Отнинг калласидай нархда чипта сотмоқчи бўлган “Ўзбекистон темир йўллари”дан одамлар розими?
Жамият
−
06 Октябрь 2023
1187120 октябрь санасидан бошлаб Ўзбекистонда маҳаллий йўналишдаги йўловчи поездларининг чипта нархлари ошадиган бўлди. Оддий поездларнинг чипта нархи 1,5 баробарга ошса, “Afrosiyob” электропоездининг чипталари эса икки баробарга қимматлашиши кутилмоқда. Хўш, одамлар поездлардаги чипта нархининг ошишига нима дейди? Йўловчи поездларидаги хизмат кўрсатиш сифати ҳақиқатдан ҳам бу нархга арзийдими? QALAMPIR.UZ'нинг галдаги сўровномаси айнан шу ҳақда.
Сўровномада қатнашган аксарият фуқаролар нарх кўтарилишига эътироз билдириб, ҳозирги нархи яхши эканлиги, агар кўтарилса аҳолига қийин бўлишини айтди.
“Ия, бир сўмга ошса ҳам “зўр” деймизми?! Ойликлар ҳам икки баробар ошадими, нафақа пуллари ҳам икки баробарга ошадими? Бу нотўғри”, дейди йўловчилардан бири.
“Менимча, кўтарилиш сабаби бўлса керак. Ўзидан-ўзи ошмайдику. Ҳозир ҳамма нарсанинг нархи қимматлаб кетган, албатта, ойликдан бошқа. Энди у ёғига ақлим етмайди мени. Уларнинг сиёсатлари ўзгачадир. Оддий халққа жабр, зулм бўлади, менимча. Хизмат кўрсатиши ҳозирги пулига арзийди”, дейди бир фуқаро.
Хоразмлик тадбиркорнинг сўзларига кўра, бирданига чипта нархларининг икки баробарга оширилиши инсофдан эмас. Нархни аста-секинлик билан ошириш керак, чунки аҳолининг даромади бирданига икки баробарга ёки эллик фоизга кўпайгани йўқ.
“Албатта, биз қаршимиз. Сабаби ҳали ойликларимиз ошгани йўқ. Агар ойликларимиз эллик ёки юз фоиз ошадиган бўлса, бу мутаносиб ҳисобланарди. Нарх-навонинг ошиши аҳоли ўртасида норозиликни келтириб чиқаради. Мен ўзим ҳам шу поездлардан фойдаланаман. Майли пули ошсин, лекин хизмат кўрсатиш, шароитлар ҳам шунга яраша бўлсин. Нима сабабдан қимматлади? Мисол учун, ёқилғи-мойлаш нархлари ошдими, электр-газни нархи кўтарилдими..? Мен 36 ёшга тўлган бўлсам ҳам ҳали бунақасини кўрмаган эдим. Бу сенсация!
Буни раҳбарларга тушунтириш керак. “Ўзбекистон Темир йўллари” акциядорлик жамиятининг зарар ёки фойдасини нега энди биз азоб чекиб, йўлкира эвазига қоплашимиз керак?! Умуман оладиган бўлсак, тизимдаги баъзи ходимларни ойлик маоши жуда баланд, уларга кўп имтиёзлар берилган. Шуларни камайтириш орқали ҳал қилиш керакдир бу муаммони. Бошқача методларни ҳам ўйлаб кўриш керак”, дейди у.
Талаба қизнинг айтишича, бу вилоятдан пойтахтга келган талабалар учун ҳам қийинчиликларни юзага келтиради.
“Асосан ундан талабалар фойдаланади. Талабаларни ўзи Тошкентда яшаши қийин. Унинг квартираси бор, шаҳарда юриш осон эмас, айрим ўқитувчилар пул сўрайди. Талабаларга бу қимматлик қилади. Хизмат кўрсатиши ўзининг пулига арзимайди. Пулимизга сотиб олган тақдиримизда ҳам яхши хизмат кўрсатиши керак”, дейди у.
Шунингдек, иштирокчилар орасида мазкур жараёнга бефарқлар ёки ўзини шундай кўрсатганлар ҳам етарлича топилди.
“Бу давлатни иши. Бизни қўлимиздан келмайди. Айтилдими, бажаришимиз керак. Хизмат кўрсатиши ҳам қониқтиради. Биз бунга қарши чиқа олмаймиз”, дейди улардан бири.
“Мен поездда юрмайман, менга фарқи йўқ. Менга деса ўн марта кўтармайдими”, дейди яна бир бошқа фуқаро.
“Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти эса нархларнинг кўтарилганини қуйидагича изоҳлаган.
“Йўловчи поездларининг чипта нархлари сўнгги марта 2018 йилда маҳаллий йўналишларда, 2019 йилда юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездида қайта кўриб чиқилган бўлиб, охирги 4-5 йил мобайнида тарифлар ўзгаришсиз қолмоқда. 2019-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида Республикамизда иш ҳақи миқдори 2,4 баробарга, электроэнергия ва ёқилғи нархларининг, логистика ва транспорт харажатларининг сезиларли даражада ошганлиги, шунингдек, йўловчи вагон паркларини янгилаш, янги поездларни харид қилиш, темир йўл вокзалларини замон талабларига мос равишда сақлашни ҳисобга олган ҳолда чипталар нархига ўзгартиришлар киритилмоқда”, дейилади акциядорлик жамиятининг расмий хабарида.
LiveБарчаси