ОТМда давлат ҳисобидан грант ажратилиши мажбурий этиб белгиланмоқда

Олам

image

Ёшларнинг олийгоҳларда давлат ҳисобидан грант асосида ўқиш ҳуқуқи Конституцияда белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутат Жаҳонгир Ширинов сўз очди. 

Қайд этилишича, бу билан иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олиш имконияти кафолатланмоқда. 

“Бу олий таълимда ҳамиша давлат гранти учун квоталар ажратилади ва ушбу тартиб ҳеч қачон бекор бўлмайди дегани”, дейди депутат.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида ногиронлиги бор болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратиш, яъни инклюзив таълим тизимини ривожлантириш бўйича давлат ўзига мажбурият олмоқда.

“Эътибор беринг! Конституциявий қонун лойиҳасида педагог ходимларга оид қоидалар қайта кўриб чиқилди ва ўқитувчи касбига нисбатан юксак ҳурматни ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини назарда тутувчи алоҳида янги модда киритилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади” деган қоида ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамланмоқда”, дейди Ширинов. 

Маълумот учун, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган. Қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституция қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Давлат гранти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг