ОТБ Ўзбекистонга яна 162 млн доллар кредит ажратди. Пуллар нимага сарфланади?
Жамият
−
16 Декабрь 2021
5109Кеча, 15 декабрь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ғарбидаги йирик шаҳарларни боғловчи 465 километрли темир йўл линиясини электрлаштириш, темир йўл хизматларини яхшилаш ҳамда минтақада савдо ва туризмни ривожлантириш учун 162 миллион долларлик кредит ажратишни маъқуллади.
Лойиҳа доирасида Бухоро, Мискин (Қорақалпоғистондаги посёлка), Урганч ва Хоразм UNESCO'нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хива шаҳарларини боғловчи йўлни электрлаштирилади. Бу соатига 250 километр тезликда ҳаракатланувчи тезюрар поездлар Бухоро ва Хива ўртасидаги қатнов вақтини икки соатгача қисқартириш ҳамда пойтахт Тошкентдан Хивага етти соатда етиб бориш имконини беради.
“Ишончли ва хавфсиз транспорт инфратузилмаси денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг асосий омили ҳисобланади. Шунингдек, ОТБ лойиҳаси меросга бой Хоразм вилоятини Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғлайдиган иқтисодий йўлак яратишга, СOVID-19 дан жабрланган туризмни тиклашга ёрдам беради ва мамлакатни минтақавий транзит сифатида янада мустаҳкамлайди”, дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.
Лойиҳа Хитой Халқ Республикасини Марказий Осиё орқали Европа билан боғлайдиган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлигининг (Central Asia Regional Economic Cooperation – СAREC) иккинчи қисмидир. Бу поездлар қатнови частотаси ва сифатини кенгайтириш орқали Ўзбекистоннинг қўшни ва ундан узоқ давлатлар билан туризм ва савдо алоқаларини яхшилашга ёрдам беради.
ОТБ, шунингдек, электрон чипталар тизимини ишлаб чиқиш, аёлларни туризмни бошқариш бўйича ўқитиш ва жалб қилиш ҳамда аёллар, болалар, қариялар учун кириш ва хавфсизлик функциялари мавжуд бўлган поезд станциялари атрофидаги шаҳарларни ривожлантиришга раҳбарлик қилиш орқали лойиҳа ҳудудида туризм индустриясини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.
“Бухоро-Хива” линияси электрлаштирилгач, йиллик йўловчи ташиш ҳажми жорий йилдаги 280 минг йўловчидан 2026 йилга келиб 1 миллион йўловчига ошиши кутилмоқда. 2026 йилга бориб юк ташиш ҳажми йилига жами 11,8 миллион тоннага етиши кутилмоқда.
“ОТБ лойиҳаси қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмга фойдали таъсир кўрсатади. Шунингдек, бу Ўзбекистоннинг темир йўл линиясини дизел двигателидан электр энергиясига ўтишини таъминлаш орқали Ўзбекистоннинг кам углеродли транспортга ўтишини қўллаб-қувватлайди. Мамлакатнинг Париж келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатларини маъқуллайди”, дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича транспорт ва коммуникациялар бўйича директори Хидеаки Ивасаки.
Ҳукумат, шунингдек, директорлар кенгаши маъқуллаган ҳолда Осиё инфратузилма инвестициялари банкидан 108 миллион доллар миқдорида кредит сўради. Агар сўров тасдиқланса, ОТБ ушбу кредитни қисман бошқаради. Банк темир йўл операциялари ва бошқаруви бўйича танланган қиз талабаларни ўқитиш каби асосий гендер тадбирларини қўллаб-қувватлаш учун 300 000 АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам грантини тақдим этади.
Ўзбекистон 1995 йилда ОТБга аъзо бўлганидан бери банк мамлакат тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард доллардан ортиқ кредитлар, грантлар ва техник ёрдам ажратган. Ўзбекистон Central Asia Regional Economic Cooperation (CAPEC) аъзоси бўлиб, ривожланиш бўйича ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланадиган аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик орқали иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишга ёрдам беради.
Аввалроқ ОТБ Бошқарув кенгаши Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес учун шароитларни яхшилаш учун 100 млн доллар ажратишни маъқуллаганди.
Мунира Турсунова
LiveБарчаси