ОТБ Ўзбекистонга шаҳарсозлик учун 59 миллион доллар беради
Жамият
−
20 Апрель 2023
5166“Осиё тараққиёт банки томонидан Ўзбекистон шаҳарларини комплекс ривожлантириш учун 59 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. Бу ҳақда Президентнинг “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
“Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури” лойиҳасини амалга ошириш учун ОТБ билан 59 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз битимини имзолаш бўйича дастлабки келишувга эришилган.
Бунда Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида олинадиган товарлар божхона божидан озод қилинган.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 5 йилни (2023-2027 йиллар) ташкил этади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши, ОТБ қарзларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъул бўлган ижро этувчи орган сифатида белгиланган.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
•“Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури” лойиҳасини техник-иқтисодий асослашнинг асосий техник-иқтисодий параметрлари;
•“Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури” лойиҳаси бўйича Осиё тараққиёт банки қарзини сўндириш ва фоизларни тўлашнинг прогноз жадвали;
•“Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури” лойиҳаси доирасида Осиё тараққиёт банки қарзини 2028 йилдан бошлаб қоплаш юзасидан улушлар тақсимотининг прогноз жадвали;
•“Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури” лойиҳаси 2-компоненти доирасида Осиё тараққиёт банки қарзи бўйича хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш юзасидан улушлар тақсимотининг прогнози.
LiveБарчаси