“Отангга бор, онангга бор”. Сув тошқинига ким айбдор?
Жамият
−
03 Июль
7878Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида катта сув ўтказгич тармоғидаги носозлик сабаб кўчаларни сув босди. Дастлаб, диаметри 1200мм катта сув ўтказгич тармоғида носозлик вужудга келгани ва бунинг оқибатида ушбу кўчаларни сув босгани ҳақида хабар берилганди. Бироқ ўрганиш жараёнида ҳодиса диаметри 800 мм бўлган сув ўтказгичда юзага келгани аниқланган.
Тонгда тарқалган хабарларда “Ўзсувтаъминот” вакили сув тошқинига яқин ҳудудда жойлашган қозонхонадаги вақтинча электр энергиясидаги узилиш сабаб бўлгани, оқибатда қувурларда босим кўтарилиб кетганини билдирди.
“Тошкент шаҳар электр тармоқлари” тасарруфидаги Юнусобод туман электр таъминоти бош муҳандиси эса ушбу айбловларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, ҳудудда электр энергияси мутасаддиларнинг илтимосига кўра, сув тошқинидан сўнг, хавфсизлик нуқтаи назаридан ўчирилган.
Ҳозирги маълумотларга кўра, сув қувурининг ажралиб кетишига электр энергиясидаги узилиш сабаб бўлгани ҳақидаги гаплар дастлабки хулоса бўлган. Ҳозирда ушбу маълумот рад этилган.
Ҳудудда яшовчи аҳоли вакили ҳам сув ўчган вақтда электр энергиясида узилиш бўлмаганини билдирди.
Шунингдек, “Ўзсувтаъминот” вакилининг сўзларига кўра, бунга бир неча кун аввал Тошкент шаҳрида 110 кВли “Л-ДОК-1” ва “Л-ДОК-2” юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғида юзага келган носозлик туртки бўлган бўлиши мумкин, деган фикрни ҳам илгари сурди.
Аммо “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” тасарруфидаги Юнусобод туман электр таъминоти бош муҳандиси бу гаплар ҳақиқатдан йироқ экани, бундан 6 кун аввал содир бўлган ва қисқа вақт ичида бартараф этилган бу носозликнинг сув қувуридаги авария ҳолатига умуман дахли йўқлигини айтди.