Отамнинг оёқ-қўлини боғлаб қўйишганди – вафот этган блогернинг ўғли шифокорларни айбламоқда 

Жамият

image

Қўқонлик блогер, Facebook’даги “Қўқонжоним” саҳифасининг модератори Иқболжон Комилжонов шифокорларнинг ишига лоқайдлиги сабабли ўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда марҳумнинг ўғли Жаҳонгир Комилжонов QALAMPIR.UZ журналисти билан суҳбатда айтиб ўтди.

“Дадамнинг ичаклари оғриб турганди. Оғриқ фақат ичакларини ўзида эди. Шу сабаб дадамни операция қилдирмоқчи бўлдик. Дастлаб Проктология бўлимига жойлаштирдик. Бош “врач” операцияга тайёрлаймиз деб, рецептлар ёзиб берди. Дориларни олиб келиб бердим. Улар на ўпкани текширишди, на бошқа органларининг аҳволига эътибор берди. Орадан вақт ўтиб, умумий анализ топширди. Бир кун ичида дадамга икки томонлама пневмония, қандли диабетнинг 2-тури, юрак ишемик касаллигининг иккинчи тури ҳамда нафас ва қон айланиш тизимининг бузилиши каби ташхис қўйилди. Биламизки, пневмония бўлган одамга осма укол (капельница) қилиш мумкин эмас. Лекин дадамга 1 литр капельница қуйишди, 2 та шприцда укол қилишди. Бечора дадам безовта бўлиб, упкаларини “ушлаб” қолди. Ҳаттоки, 4 марта системани узиб ташлади. Шунда ҳам ҳамшира “операцияга тайёрлашимиз керак” деб укол қилди. Кейин дадам алаҳсирай бошлади. Шундан кейин аҳволи жуда ҳам ёмонлашди”, дейди Жаҳонгир Комилжонов.

Марҳум блогернинг фарзандига кўра, унинг отаси уйдан кетганида фақат ичагида оғриқ сезган. Aммо шифохонага бориб аҳволи янада ёмонлашган. Aйниқса, жонлантириш бўлимига жойлаштирилгандан сўнг, умуман гапира олмайдиган ҳолатга келган. Пневмония ташхиси қўйилган бўлишига қарамасдан беморга осма укол (капельница) қуйилган. Жаҳонгир Комилжонов ҳаттоки докторлар беморнинг оёқ-қўлини ҳам боғлаб қўйганини айтмоқда.

“8 кун шифохонада ётди. Дастлаб палатага жойлаштирганимиздан сўнг, жонлантириш бўлимига олиб ўтилди. Реанимацияга кетаётган вақтда алаҳсираётганига қарамасдан гапга тушунаётганди, аҳволи яхшироқ эди. Aммо реанимацияга киргандан сўнг, аҳволи жуда оғирлашиб, кундан-кунга ёмонлаша бошлади. Aслида даволаниши ва тузалиши керак эди, лекин акси бўлди. Жонлантириш бўлимига кирган куннинг эртасигаёқ ўзи умуман гаплашиб бўлмасди. Бу ҳам етмагандек докторлар дадамни оёқ-қўлларини ҳам боғлаб қўйибди. Сабаби, капельница юбораётганида безовталаниб, докторларга ҳалақит берган экан. Дадамни жони оғриган, чидай олмаган оғриққа. Боғлаб қўйгандан кейин ундан-да баттар қийналган. Докторларга “нега боғлаб қўясиз, ундан кўра тинчлантирадиган укол қилинг, ухлатадиган укол қилинг, мулоқот қила олмайдиган ҳолатидан фойдаланиб боғламасдан” дедим. Кома ҳолатга тушиб қолган, овқатни ҳам сунъий равишда берган, “зонт” орқали едирган”, дейди марҳум блогер Иқболжон Комилжоновнинг фарзанди.

Жаҳонгир Комилжонов отаси заҳарлангани ҳақидаги хабарлар ичагида муаммоси бўлгани учун тарқалган бўлиши мумкинлигини айтди.

Шунингдек, у отасининг блогерлик фаолияти ҳақида гапириб, сўнгги вақтларда Қўқон шаҳар Халқ таълими бўлими мудири фаолиятини бир неча бор танқид қилганини таъкидлади. Бироқ, Жаҳонгир отасининг ўлимини танқидий чиқишлари билан эмас, шифокорларнинг ҳаракати билан боғламоқда.

“Шифокорларни деб бўлди. Ҳаммаси уларни ўйламасдан қилган муолажаларини деб бўлди. Аслида бунақа беъэтибор бўлмаслиги керак эди. Оммавий ахборот воситасига айтаётганим, докторлар бундан буёғига яхши қарасин, эътиборли бўлсин, бу хатони такрорламасин. Ҳозир агар хатосини тушунса, кейинги сафар ўйлаб иш қилади”, дейди Жаҳонгир Комилжонов.

Эслатиб ўтамиз, Facebook’даги “Қўқонжоним” саҳифасининг модератори Иқболжон Комилжонов жорий йилнинг 7 сентябрь куни шифохонага ётқизилганди. Шундан сўнг, унга овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жорий йилнинг 15 сентябрь куни эса Иқболжон Комилжонов вафот этгани ҳақида хабар берилди.

Айни вақтда блогернинг ўлими юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

738

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг