Осиёни забт этган янги авлод
Таҳлил
−
20 Апрель
7548Ўзбекистонда спорт мусобақаларининг натижаларига таъсир ўтказишга алоқдор бўлган ҳакамларнинг фаолиятига якун ясалди, ўзбекистонлик ўсмир футболчилар Осиё кубоги ғолиби бўлиш арафасида турибди. Доимгидек Европа Чемпионлар лигасининг навбатдаги ўйинлари ҳам кутилмаган натижалар билан ёдда қолди.
Ортда қолаётган ҳафтанинг энг муҳим спорт мавзулари ҳақида доимгидек QALAMPIR.UZ ‘нинг спорт дайжестида сўз очамиз. Ассалому алайкум.
Ўзбекистонлик ўсмирлар Осиё кубоги финалига чиқди
Саудия Арабистонида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги чорак финали босқичида Ўзбекистон терма жамоаси амирлик футболчиларга қарши майдонга тушди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувнинг 13-дақиқасида Асилбек Алиев чамаси 25 метр масофада ўрнатилган жарима зарбасидан гол уриб, ҳисобни очди. 36-дақиқада Алиев шеригининг чиройли узатмасини голга айлантирди ва ўз ҳисобига дублни расмийлаштирди. Биринчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда Сайфиддин Содиқов пенальтини амалга ошириб, ҳисобни йирик 3:0 кўринишига келтириб қўйди. Иккинчи таймда хотиржамликка берилган ўзбекистонликлар 67-дақиқада гол ўтказиб юборди. БАА ўйинчиси Муҳаммад Бути ҳисобни қисқартирди. Ўйин якунига қадар ҳисоб бошқа ўзгармади ва Ўзбекистон терма жамоаси ярим финалга йўл олди.
17 апрель куни Осиё кубоги ярим финалида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Шимолий Кореяни 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва финалга йўл олди.
Ўзбекистонлик футболчиларнинг яққол устунлиги остида ўтган ўйиннинг 31-дақиқасида ҳисоб очилди. Садриддин Ҳасанов томонидан киритилган гол таблодаги ҳисобни ўзгартирди. Орадан бир неча дақиқа ўтиб шимолий кореялик футболчи Канг Мёнг Бом қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Иккинчи бўлимнинг 62-дақиқасида Жамшидбек Рустамов, 65-дақиқада эса Абубакир Шукуруллаев гол уриб, ҳисобни йирик 3:0 кўринишига келтирди.
Ҳа айтганча 1-бўлимда ўзбекистонлик футболчилар пенальтини голга айлантира олмади, бироқ бу эпизод Ислом Исмоилов шогирдларининг ғалаба қозонишига тўсқинлик қилмади.
Ўйиндан кейин Исмоилов корейсларга қарши баҳс ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Эндиликда Ислом Исмоилов қўл остидаги жамоа финалда мусобақа мезбонлари Саудия Арабистони ўсмирларига қарши майдонга тушади. Финал ўйини 20 апрель куни ўтказилади. Баҳс Тошкент вақти билан 20:00 да старт олади.
Маълумот ўрнида, бу икки рақиб гуруҳ босқичида ҳам тўқнаш келган ва унда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Ўзбекистонлик таниқли футбол ҳакамларининг фаолияти тугатилди
Спорт мусобақаларининг натижаларига таъсир ўтказишга алоқдор бўлган Азиз Асимов, Раҳим Каримов, Акобирхўжа Шукуруллаев, Абдурашид Худойберганов каби ўзбекистонлик ҳакамларнинг фаолиятига якун ясалди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, бугун, 14 апрель куни ЎФА Этика қўмитаси навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг 2025 йил 9 январида юборган 01/10-сонли хатига асосан Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳакамлари Азиз Асимов, Раҳим Каримов, Акибирхўжа Шукуруллаев, Абдурашид Худойберганов ва Фирдавс Норсафаров спорт мусобақалари натижларига таъсир ўтказишга алоқадорлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.
ЎФА Этика қўмитасига тақдим этилган ҳужжатга асосланиб, қўмита томонидан Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази собиқ ҳакамлари Азиз Асимов, Раҳим Каримов фаолиятида йўл қўйган хато ва камчиликлар учун ўз аризаларига кўра ҳакамлик фаолияти тугатилгани, шунингдек, фаолиятида техникхатоларга йўл қўйган ҳакамлар Акобирхўжа Шукуруллаев, Абдурашид Худойберганов ҳамда Фирдавс Норсафаров эса ҳакамлик фаолиятидан вақтинча четлатилгани аниқланди.
Этика қўмитаси томонидан Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳакамлари Акобирхўжа Шукуруллаев, Абдурашид Худойберганов ҳамжа Фирдавс Норсафаровларга нисбатан вақтинчалик Ўзбекистон футбол ҳакамлар томонидан Суперлига, Пролига, Биринчи лига, Ўзбекистон кубоги ва Суперкубоги каби мусобақаларда фаолият олиб боришга нисбатан қўлланилган чекловлар муддати тугаганлиги боис, уларинг фаолиятини қайта тикланиши таъминланиши бўйича қарор чиқарилди.
Ўзбекистонлик таниқли футболчи стадионлар ўрнида дом қурилаётганига кескин норозилик билдирди
Ўзбекистонлик таниқли футболчи Акмал Шораҳмедов Тошкент шаҳри ҳудудида бир қатор стадионлар бузилиб, уларнинг ўрнига кўп қаватли турар-жой мажмуалари қурилаётганидан норози. Бу ҳақда Шораҳмедов QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида айтди.
“Тошкент шаҳрида ўндан ортиқ стадионлар ўрнига дом қуриб ташлашди. Бу ҳолатда қандай қилиб футболни, спортни ривожлантириш мумкин? Олдин ҳар бир маҳаллада стадион бўлган. Стадионларни ким ҳимоя қилади? Йилдан-йилга футболга қизиқадиган болалар сони кўпаймоқда, стадион эса камайиб кетяпти. Болалар футбол ўйнаши учун стадион қилиб бермаймиз-да, кейин уларни телефонга боғланиб қолганидан нолиб, телевизорда жар соламиз”, дейди Акмал Шораҳмедов.
Шораҳмедов пойтахтдаги тўқимачилик стадиони ўрнига ҳам кўп қаватли турар-жой мажмуаси қурилаётганини билдириб, табиий майсага эга стадионларнинг камайиб кетиши ёшларнинг спортга эмас, балки телефон ва ижтимоий тармоқларга ружу қўйишига сабаб бўлишини таъкидлади.
“Барселона” ва ПСЖ ярим финал масаласини ҳал қилди
16 апрелга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигаси чорак финал жавоб ўйинлари бўлиб ўтди. Унда “Астон Вилла” ўз уйида ПСЖни 3:2 ҳисобида, “Боруссия” эса “Барселона”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
“Сигнал Идуна Парк” стадионида бўлиб ўтган баҳснинг 10-дақиқасидаёқ мезбонлар пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлди ва 11 метрлик жарима зарбасидан ҳужумчи Гирасси унумли фойдаланди ҳамда ҳисобни очди. Иккинчи тайм бошида, яъни 49-дақиқада ва 76-дақиқада Гирасси яна иккита гол урди ва ўз номига хет-трикни ёздириб қўйди. 54-дақиқада дортмундликлар ҳимоячиси Бенсебаини ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Якуний ҳисоб 3:1 “Боруссия” ғалаба қозонди, аммо икки ўйин натижасига кўра, 5:3 ҳисоби қайд этилиб, “Барселона” ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Каталонияликларнинг ушбу босқичдаги рақиби “Интер - “Бавария” ўртасидаги баҳс ғолиби бўлади. Қайд этиш керак, “Барселона” 2025 йилдаги илк мағлубиятини айнан “Боруссия Дортмунд”дан қабул қилиб олди.
Бирмингемда ўтган баҳсда дастлаб 11-дақиқада парижликлар ҳимоячиси Ашраф Ҳакими ҳисобни очди. 27-дақиқада Нуно Мендеш орадаги фарқни иккитага оширди. 34-дақиқада Юри Тилеманс ҳисобни қисқартирди. 55-дақиқада Макгин супер гол йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. 57-дақиқада Эзери Конса “Астон Вилла”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйин якунига қадар мезбонларда бир нечта қулай вазиятлар бўлди, масалан, Марко Асенсионинг бирга бир вазиятдан йўллаган зарбасини Доннарумма қайтарди. Баҳс якунига қадар ҳисоб ўзгармади ва шу тариқа парижликлар икки ўйин натижасига кўра, 5-4 ҳисобини қайд этган ҳолда ярим финалга йўл олди. Эндиликда ушбу босқичда Энрике қўл остидаги клуб “Реал Мадрид” - “Арсенал” ўртасидаги ғолиб билан баҳс олиб боради.
Ҳеч қандай ремонтада йўқ. “Реал Мадрид” ва “Бавария” ЕЧЛни тарк этди
17 апрелга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигаси чорак финал жавоб ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Мадриднинг “Реал” клуби “Арсенал”ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Милан шаҳрида бўлиб ўтган яна бир баҳсда “Интер” “Бавария” билан 2:2 ҳисобини қайд этди.
Мадридда бўлиб ўтган учрашувнинг дастлабки дақиқаларида мезбонлар ҳужумчиси Килиан Мбаппе гол урганди, аммо офсайд сабаб бекор қилинди. Сал ўтиб, лондонликлар пенальти тепиш имкониятига эга бўлди, лекин Букайо Сака ушбу имкониятни голга айлантира олмади. Биринчи таймда бошқа айтарли вазият бўлмади. Иккинчи таймнинг 65-дақиқасида Букайо Сака Меринониннг чиройли пасини голга айлантира олди. Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас, меҳмонлар ҳимоячиси Салибанинг хатосидан Винисиус фойдаланди ва ҳисобни тенглаштирди. Ўйин якунига қадар майдон эгалари бир қанча имкониятларни кўкка совурди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда бирга-бир вазиятга чиқиб келган Габриель Мартинелли гол уриб, “канонирлар”нинг ғалабасини таъминлади. Шу тариқа, Чемпионлар лигаси қироли деб аталган “Реал Мадрид” чорак финалда икки ўйин натижасига кўра, 5:1 ҳисобида “Арсенал”га мағлуб бўлди ва турнирни тарк этди. Лондонликлар ярим финалда ПСЖга қарши майдонга тушади.
Чемпионлар лигаси жорий мавсумининг икки яширин фаворити деб ҳисобланган “Интер” ва “Бавария” ўзаро Милан шаҳридаги жавоб учрашувида тўқнаш келди. Биринчи тайм нисбатан зерикарли ўтди ва ҳисоб очилмади. Иккинчи таймнинг 52-дақиқасида Харри Кейн мюнхенликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан 5 дақиқа ўтар-ўтмас, Лаутаро Мартинес орадаги фарқни тенглаштирди. 61-дақиқада Павар собиқ жамоасини гол билан сийлади. 76-дақиқада эса Эрик Дайер ҳисобни 2:2 кўринишига келтириб қўйди. Ўйин якунига қадар ҳисоб бошқа ўзгармади ва “Интер” икки ўйин натижасига кўра, 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Миланликлар ушбу босқичда “Барселона”га тўқнаш келади.
Маълумот ўрнида, ярим финалнинг илк ўйинлари 30 апрель ва 1 май кунлари, жавоб баҳслари эса 7 ва 8 май кунлари бўлиб ўтади.
LiveБарчаси