Ортиқхўжаев ҳокимликдаги янги режалари ҳақида гапирди (видео)

Интервью 4466

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокимлиги кадрлар етиштирувчи “комбинат”га айланишига умид қилишини айтди. У журналист ва блогерларнинг ишончини оқлаш ҳақида ҳам гапирди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими ўлароқ тасдиқланаркан, ўз олдига қўйилган вазифаларни иймон ва садоқат билан бажаришга сўз берди. QALAMPIR.UZ билан суҳбатда у шундай дейди: 

“Мана бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигида катта сиёсий жараён бўлиб ўтди. Муҳтарам Президентимиз тавсияларига биноан шаҳар депутатлари Тошкент шаҳар ҳокимлигига сайладилар. Бунинг учун раҳбаримизнинг менга берган ишончлари ва келажакда қилишим керак бўлган, менга юклатилган вазифаларни адолатли, иймон ва садоқат билан бажаришга сўз бераман.

Албатта, депутатларимизнинг ҳам берган ишончлари учун миннатдорлик билдираман. Келажакда вазифамни бажариш давомида мамлакатимизда бирорта соҳа эътибордан қолмаслигига, ҳар бир соҳанинг муаммолари илдизи билан ўрганиб ҳал қилишга сўз бераман. 

Бу катта масъулият ва вазифа. Муҳтарам Президентимизнинг, депутатларимизнинг берган ишончи ҳамда журналист, блогерларнинг интиқиб қараб турган ишончини кўриб жуда катта вазифа эканлигини ҳис қиламан. Бунда ўзимни четга олиш йўқ. Бўйнимда турган вазифаларни, чин дилдан, иккиланмасдан адо этишга ваъда бераман”, дейди қайта лавозимга тасдиқланган Ортиқхўжаев. 

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз нутқида кадрлар ва коррупция масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Шунингдек, ҳоким ҳар бир қилинган ишни охирини кутилса, натижа эртаклардагидек бўлишини таъкидлади. 

“Тошкент шаҳар ҳокимлиги кадрлар етиштирувчи “комбинат”га айланишига ҳаракат қиламиз. Коррупция ҳолатларини йўқотишга ва умуман адолат билан хизмат қилишга ҳар бир дақиқамни, ҳар бир соатимни инсонларни баракотли яшаши, файзли яшаши ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий муаммоларини ечишга эътибор қаратаман, дея сўз бераман.  

Ва албатта, Сизлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, ОАВ вакиллари! Биз бирга бўлсак, сўз бериб айтаманки, Тошкент шаҳар ҳудудида бошлаган ишларимиз албатта, муваффақиятли бўлади. Буни мен ҳис қиламан. Тўғрисини айтаман, бу кечалари тушларимга кириб чиқади ва бунга ишонаман. Ҳаммамиз бирга бўлсак, ишонсаларинг, олдимизга қўйган вазифаларга эришамиз. Ҳар бир бола, ёш йигит, ҳар бир ўғлон, ҳар бир онамиз, бутун шаҳар аҳолиси фаровон яшашини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Мен бунга сўз бераман. Албатта, сизлар билан биргалашиб қиламиз. Мен ўзим ҳеч нарса қилолмайман. Ҳеч нарсага эришолмаймиз. Менинг ёрдамчиларим бор. Туман ҳокимлари бор. Шаҳримиз фуқаролари билан ҳокимиятни боғлаб турувчи ОАВ вакиллари бор. Буни халқимизга тўғри талқин қилиб берсангиз, албатта, ўйлаган ниятларимизга эришамиз. Ўйлаган мақсадларга тезроқ борамиз. Албатта, хатоликлар ҳам бўлади. Аммо ҳамма нарсага сабр-тоқат. Тошкент шаҳри фуқароларига айтмоқчиманки, ҳар бир қилинган ишнинг охирига қадар сабр қилсалар, ҳаммаси эртаклардагидек бўлади. Яъни натижани кўриб баҳо берсалар, шундагина биз вазифани бажарганимиз ёки бажармаганимиз ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишади. Ҳар бир бошланган ишни натижасига кўра ҳулоса қилишларини истаган бўлардим. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ОАВ учун очиқлик ва демократик тамойиллар билан иш юритишни таъминлайди. Биз ҳар доим очиқмиз”, дейди Ортиқхўжаев. 

Маълумот ўрнида, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида иш бошлаган ва 2019 йилнинг 21 декабрь куни у пойтахт ҳокими лавозимига тасдиқланган эди. Бугун, 2020 йил 13 январь куни сайловлардан сўнг, 6-чақириқ Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг биринчи сессиясида қайта шаҳар ҳокимлигига тасдиқланди. 

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 2.8
t
×