Ортиқхўжаев тошкентликларга мурожаат билан чиқди
Жамият
−
09 Июль 2020
18266Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолат кескин тус олмоқда. Кеча мамлакатда ўлим ҳолати ҳам, касалланиш ҳам рекорд даражага чиқди. 8 июль куни коронавирус билан боғлиқ 422 та ҳолат қайд этилган бўлса, шундан 223 таси Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Қайд этилган 5 та ўлим ҳолатидан 3 таси ҳам пойтахтдан.
Шу боис Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт аҳолиси ва меҳмонларга мурожаат билан чиқди. Ҳоким ҳам Тошкентда касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини афсус билан қайд этган.
“Сўнгги ойлар давомида Тошкент шаҳрида эпидемиологик вазиятлар ижобий томонга ўзгарганлиги сабабли оилавий тадбирлар, тўй-ҳашамларнинг ўтказилишига рухсат берилди. Ишлаб чиқариш корхоналари, қурилиш ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолияти қайта йўлга қўйилди. Хотиржамликка берилганлигимиз, санитария ва эпидемиология назорати талабларига тўлиқ риоя этмаганлигимиз, тўйларни 30 дан ортиқ кишилар иштирокида ўтказганимиз, оилавий бошқа тадбирларни ҳам кўпайтирганимиз, жамоа бўлиб йиғилишлар ортгани каби карантин талабларига зид бўлган ҳаракатлар оқибатида охирги ўн кунда пойтахтимизда касалликка чалиниш ҳолатлари кескин ошиб, кунлик 30-40 тадан ўртача 150-200 тагача кўпайди, ўлим ҳолатлари ҳам ортди.
Коронавирус менга таъсир қилмайди, мендан узоқда деган фикрда бўлсак, адашамиз. Хавф ортда қолиши учун ҳаммамиз санитария-гигиена талабларига тўлиқ амал қилишимиз, бепорволикка йўл қўймаслигимиз, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслигимиз, жамоа бўлиб йиғилмаслигимиз, аввалдан мўлжалланган жамоавий тадбирларни ортга суришимиз лозим.
Бугун аксарият хизматлар, ҳатто савдо-сотиқ ҳам онлайн йўлга қўйилган бўлиб, ҳар биримиз ундан унумли фойдаланишимиз зарур.
10 июлдан уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ҳамда ахборот беришга қаратилган туну кун узлуксиз фаолият кўрсатувчи 1105 қисқа рақамли Call-маркази фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган мобиль гуруҳлар ташкил этилади.
Саломатлигингизда бирор нохушлик ва касаллик аломатларини ҳис қилганингизда бефарқ бўлманг, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг ва назоратда бўлинг, ўзингизни яккаланг ва зарур муолажаларни ўз вақтида кўринг.
Коронавирусни жамиятнинг бирлиги, жипслиги ва бу борада белгиланган барча қоидаларга риоя қилиши билангина енгишимиз мумкин.
Бу масалада бизга ёрдам беринг, саломат бўлинг.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
Ўзимиз, яқинларимиз, нуроний отахон ва онахонларимиз ҳамда фарзандларимизнинг ҳаётига асло бефарқ бўлмайлик.
Карантин қоидаларига қатъий риоя этсак бугунги мураккаб вазиятдан барчамиз тез кунларда ўтиб оламиз”, дейилади мурожаатда.