Орловдаги ўзбекистонлик мигрантларга урушга чақирув қоғози юборилганига изоҳ берилди
Жамият
−
27 Октябрь 2022
10075Россиянинг Орлов вилоятидаги “Экосити” чиқиндиларни қайта ишлаш заводида ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг сафарбарликка чақирилгани ва чақирув қоғозии келгани муносабати билан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихона ходимлари “ЭкоСити” компанияси бош директори Юрий Парахин, унинг ўринбосари Валерий Окоровков ва республика фуқаролари билан боғланди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 26 нафар Ўзбекистон фуқаросига сафарбарлик чақируви техник хато туфайли юборилган ва ҳужжатлар ҳарбий комиссариятда текширилгандан сўнг чақирув қоғози қайтариб олиниб, масала ҳал этилган.
Бу маълумотни корхона раҳбарияти ва республика фуқаролари тасдиқлаган.
“Қисман сафарбарлик эълон қилингани муносабати билан Ўзбекистон фуқаролари томонидан техник хатолар бўйича чақирув қоғозлари олиш ҳолатлари мавжудлигини маълум қиламиз. Одатда, барча бундай ҳолларда сафарбарлик чақируви ҳужжатлар текширилгандан сўнг қайтариб олинади”, дейилади элчихона хабарида.
Элчихона шунга ўхшаш вазиятларда Ўзбекистоннинг Владивосток, Новосибирск, Қозон, Екатеринбург, Санкт-Петербург, Ростов-на-Дону каби жойлардаги Бош консуллиги ёки Ўзбекистон элчихонасининг Москвадаги консуллик бўлимига мурожаат қилишни ёки ҳарбий комиссарлик вакилларига амалдаги шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан мустақил равишда мурожаат қилишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Орловдаги “ЭкоСити” акциядорлик жамияти чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси ходимлари сафарбарлик учун чақирув қоғози олишгани ҳақида хабар берилган эди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу ҳолат назоратга олинганини ва ташкилот раҳбарияти ҳамда фуқаролар билан алоқа ўрнатилиб, воқеа жойига йўл олинганини маълум қилганди.
LiveБарчаси