Орбан Хитойдан Вашингтонга боради
Олам
−
08 Июль
4382Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Пекинга сафари ортидан дарҳол Вашингтонга ташриф буюришини эълон қилди. Бу ҳақда Instagram’даги саҳифасида ёзди.
“Кейинги тўхташ: Вашингтон”, деган Бош вазир.
Виктор Орбаннинг 9-11 июль кунлари Вашингтондаги НАТО саммитига сафари унинг Киев, Москва ва Пекинга ташриф буюрган тинчликпарвар миссиясига кирмайди. Бироқ Бош вазир идораси раҳбари Гергели Гуилласнинг таъкидлашича, Орбаннинг Америка пойтахтига ташрифидан Украинадаги можарони ҳал қилиш учун ҳам фойдаланиш мумкин.
“Бош вазир НАТО саммитига кетмоқда, аммо бу унинг тинчлик миссиясининг бир қисми эмас, чунки бундай миссия давомида у тинчликка қизиқувчи одамлар билан учрашиши керак”, дейди Гуиллас.
Бироқ унинг қўшимча қилишича, НАТО саммитида қатнашишдан Орбан ўз олдига қўйган “тинчлик каби эзгу мақсадга эришиш” учун ҳам фойдаланиши мумкин.
Журналистлар учун ўтказилган брифингда сўзга чиққан Бош вазир девони раҳбари Венгрия ҳукумати раҳбари Вашингтонда ким билан алоҳида учрашувлар ўтказиши мумкинлигига аниқлик киритмади. АҚШга сафари чоғида собиқ АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашишни режалаштиряптими, деган саволга Гуиллас: “Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор”, деб жавоб қайтарди.
Унинг аниқлик киритишича, Орбан бугун, 8 июль куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказгач, Пекиндан Вашингтонга учади.
Маълумот учун, 1949 йилда Шимолий Атлантика шартномаси имзоланганининг 75 йиллиги шарафига 9-11 июль кунлари Вашингтонда НАТО саммити бўлиб ўтади. Унда Висбаденда Киевга ёрдам берадиган янги тузилма яратиш ва Украина учун сиёсий иродаси мавжуд бўлганда иттифоққа аъзо бўлиш имконини берадиган “НАТОга кўприк” қуриш масалалари муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Орбан 2 июль куни Киевда Владимир Зеленский билан Украинадаги можарони ҳал қилишни муҳокама қилганди. 5 июль куни Орбан Москвага ташриф буюриб, у ерда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, Украинадаги можарони ҳал қилиш ва тинчлик музокараларини бошлашнинг мумкин бўлган йўлларини муҳокама қилган. Бош вазир Москвадан Пекинга учиб, Хитой Раиси Си Цзиньпин билан учрашди.
LiveБарчаси