“Орамизда сотқин бор” – Олмазорда ҳокимнинг сўконғичлиги бўйича йиғилиш ўтказилди

Жамият

image

Кеча, 28 август куни Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновнинг туманда жойлашган банк раҳбарлари билан ўтказган йиғилишда стол уриб мажлис иштирокчиларини сўккани, уларни тинимсиз ҳақоратлаб, ишдан бўшатиш, аризасини олиш билан қўрқитгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу хабарга исбот ўлароқ аудиоёзув тақдим этилган эди. 

“Олмазорнинг ҳокими Президентнинг душмани...ми? Раҳмоновнинг шармандали аудиоёзуви тарқалди” номли таҳлилий мақола эълон қилингач, ҳокимликдаги манбамиз таҳририят билан боғланди. Унинг айтишича, кеча туманда жойлашган банклар раҳбарлари ўринбосарларининг Telegram’даги гуруҳига қуйидаги мазмундаги хабар юборилган.

“Барча банк раҳбарлари ўринбосарлари зудлик билан туман ҳокимиятидаги йиғилишга келишлари керак. Келмаганни РУВД билан олиб келамиз”.

Ушбу хабарни гуруҳга йўллаган Олмазор тумани ҳокимининг Иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Олимжон Аҳмедович Холиқулов экани айтилмоқда. Хабар муаллифи орадан кўп ўтмай ўзи ёзган тазйиқ кўринишидаги SMS’ни ўчириб юборган. 

Йиғилиш 28 август оқшомида бўлиб ўтган. Унда юқорида қайд этилганидек, Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновнинг иштирок этиши белгиланган эди. Бироқ, ҳоким юқори ташкилотларга чақириб қолингани сабабли, йиғилиш унинг ўринбосари Олимжон Аҳмедович Холиқулов раислигида ўтган. 

Йиғилишда QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган мақола ва овозли ёзув муҳокама қилинган. QALAMPIR.UZ мухбири йиғилишда иштирок этган банк ходимлари билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ, бунинг имкони бўлгани йўқ. 

“Орамизда сотқин бор экан”, деган гапни айтди ҳоким ўринбосари. Ҳоким Бахтиёр Раҳмонов жуда ғазабда, мақола ва овозли ёзувдан қаттиқ асабийлашган дейди QALAMPIR.UZ’нинг ҳокимиятдаги манбаси. Бу кетишда энди ҳокимликка келган фуқаролар ва тумандаги ташкилотлар ходимлари телефонларини эшик оғасига ташлаб киришади. 

QALAMPIR.UZ’нинг ҳокимликдаги манбасининг қайд этишича, кеча, 28 август куни мақола ва аудиоёзув эълон қилингунга қадар Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов туманда жойлашган банклардан бирининг раҳбари ўринбосарини қаттиқ ҳақорат қилиб, унинг нафсониятига теккан. “Айни вақтда у тумандаги машмашаларда эътибор марказида бўлиб турибди”, дейди QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган манба. 

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади деганларидек, айни вақтда QALAMPIR.UZ’га Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновнинг ҳақоратлари, хурмача қилиқларидан азият чеккан кўплаб фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Тез орада QALAMPIR.UZ бундан бир неча ҳафта аввал Олмазор тумани Себзор даҳасида рўй берган воқеа тафсилотларини очиқлайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Олмазор тумани Бахтиёр Раҳмонов

Баҳолаганлар

267

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг