Орадан 5 ой ўтиб, Покистон ҳаво ҳудуди парвозлар учун очилди
Олам
−
16 Июль 2019
2870Бир неча ой давом этган тақиқдан кейин Покистон ўзининг ҳаво ҳудудини барча фуқаролик рейслари учун очди. Бу ҳақда “The Economic Times” хабар берди.
Жорий йилнинг февраль ойида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида алоқалар ёмонлашди. Натижада Покистон ўз ҳаво ҳудудини барча халқаро ва ички рейслар учун ёпиб қўйди. Ҳиндистон ҳам Амритсар шаҳри устидан учиб ўтувчи самолётлар учун транзитни тақиқлади.
Покистон устидан парвозларнинг тақиқланиши фуқаролик рейсларига Ҳиндистонга учишига йўл қўймаётганди. Бу кутилмаган ҳолат ташувчилар учун учиш вақти ва харажатларини сезиларли ошириб юборди. Кўплар парвозларни бекор қилишга мажбур бўлди.
Покистон ҳаво ҳудудининг ёпилиши “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК парвозларига ҳам таъсир ўтказганди.
Таъкидлаш жоизки, Ҳиндистон ва Покистон муносабатлари жорий йилнинг февраль ойи ўрталарида Жамму ва Кашмир штатида юз берган воқеа ортидан ёмонлашди. Штатда Полициянинг марказий заҳира кучлари (Ҳиндистон куч тузилмаларининг йирик ҳарбийлаштирилган бўлинмаси) автоколоннасига ҳужум уюштирилган.
Террорчи-ҳудкуш бомба тўлдирилган автомобилда ҳарбийларни олиб кетаётган автобусга келиб урилган. Ҳужум учун жавобгарликни “Жаиш-е-Муҳаммад” гуруҳи ўзига олган.
Ҳиндистон Покистон ҳукумати “Жаиш-е-Муҳаммад” гуруҳининг етакчиларини ҳимоясига олганини иддао қилиши ортидан икки ўртада бир неча қуролли тўқнашув ҳам юз берди.
Ҳар икки мамлакат Ҳарбий ҳаво кучлари ўртасида жанг бўлди.Шунингдек, Покистон Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучларининг самолётини уриб туширди.
LiveБарчаси