Она қорнидаги чақалоқнинг ўлимига сабаб бўлган беэътибор шифокор 2,5 йилга қамалди

Жамият

image

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган туғруқхонада шифокорнинг бепарволиги сабабли чақлоқ дунё юзини кўрмай вафот этди. 

Жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди судьяси Жаҳонгир Арслоновнинг маълум қилишича, акушер-гинеколог Ш.Н. касбига нисбатан бепарво ва масъулиятсизлиги туфайли у туғруқ мажмуасига келтирилган ҳомиладор аёлни тиббий текширувлардан ўз вақтида ўтказмаган ва керакли жарроҳлик амалиётини ўз вақтида амалга оширмаган. 

Ажал билан олишаётган онага эса, анча кеч — фақат сўнгги дақиқаларда жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шу тариқа унинг ҳаёти сақлаб қолинган, аммо митти чақалоқ ҳали дунё юзини кўрмай умри завол топган.

Маълум қилинишича, туғруқ вақти яқинлашган Н.С. тунги соат 23:00 атрофида туғриқхонага олиб келингач, Ш.Н. уни қабул қилиб олади. Аёл туни билан тўлғоқ азоблари билан қийналиб чиқади. Аёл табиий йўл билан фарзандини дунёга келтира олмайди. Ўз вақтида у билан жарроҳлик амалиёти ўтказилмайди. 

Бу ҳақида Ш.Н. тонгги соат 06:20да жарроҳлик бўлимидагиларни огоҳлантиради. Бу пайтга келиб чақалоқнинг юраги уришдан тўхтаган эди. Шифокорлар катта қийинчилик билан онанинг жонини асраб қолишди.

Мазкур ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилиб, суд иши Ургут туман Жиноят ишлар бўйича судида кўриб чиқилди. Суд судланувчи Ш.Н.ни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, уч йил тиббиёт муассасаларида акушер-гинеколог шифокор вазифасида, шунингдек, мансабдор, моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, икки йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Ш. Низомовга нисбатан қўлланилган “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан қамоққа олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят Туғриқхона Ургут шифокор

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг