Оммавий ахборот воситалари давлатимизга душман эмас, дўст – Мирзиёев

Жамият 1871
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Тошкент метросининг Сергели йўналишининг очилиши давомида оммаавий ахборот воситаларига яна бир бор раҳмат айтиб, уларнинг давлатга душман эмас, дўст эканини таъкидлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Оммавий ахборот воситаларига раҳмат. Улар давлатимизга душман эмас, дўст. Улар баланд овозда адолатни, ҳақиқатни айтиб турмаса, раҳбарларнинг дарров оёғи ердан узилиб қолади. Халқимиз, уйингга эски тўнингни илиб қўйиб, кимлигингни унутма, деганидек, ҳамма раҳбарлар шу элнинг фарзанди, вакили эканини доим ёдда тутиши керак. Юртимиздаги тинчликнинг қадрига етиб, халқимизга муносиб шароит яратишимиз зарур”, дейди Президент.

Шунингдек, ташриф давомида бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, энергия қувватларини кўпайтириш бўйича кўрилаётган чоралар айтиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлар форумидаги иштироки давомида ҳам оммавий ахборот воситалари ҳақида сўз очиб, уларнинг ислоҳот ва қарорларга катта кўмак бераётгани ҳақида гапирганди.

“Бугун мен айтиб ўтган оилавий ажримлар, маънавият, маърифат, интернет бўйича муаммолар кўп. Ўзбекистон энди очилди, орқага йўлимиз йўқ.

Яна бир марта таъкидламоқчиман, оммавий ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият бўлиш нуқтаи назаридан кимгадир ёқмайди.

Аммо охирги бир йил ичида журналистлар, блогерлар ва ёшларнинг ижтимоий тармоқларда чиққан овозлари бизнинг ислоҳотларимиз ва қарорларимизга катта кўмак беряпти, бу ҳақиқат.

Ёқадими, ёқмайдими, уларни эшитишга мажбурмиз. Тўғрисини эшитиб, хулоса чиқарамиз, нотўғрисини тўғри йўлга солиш — бурчимиз, вазифамиз”, деганди Шавкат Мирзиёев.

 

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3.1
t
×