Олтин васвасаси. Кондаги ҳалокат 38 кишининг ёстиғини қуритди
Олам
−
29 Декабрь 2021
13494Суданнинг Ғарбий Кордофан провинциясида ишламайдиган олтин конининг қулаши оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Минерал ресурслар компанияси хабар бермоқда.
Судан Минерал ресурслар компанияси матбуот котиби Исмоил Тиссоу бугун, 29 декабрь куни матбуотга берган хабарида, Дарсая кони қулаши оқибатида камида 38 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Бундан олдинроқ қурбонлар сони 31 кишига етгани айтилган эди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳам ҳали аниқ рақамлар эмас.
Маҳаллий матбуотнинг маълум қилишича, ҳалок бўлганлардан ташқари, яна камида 8 киши жиддий жароҳат олган.
Минерал ресурслар компанияси эълон қилган суратларда қидирув қутқарув ишлари олиб борилаётгани ва ҳалок бўлганларни дафн этиш учун тайёргарлик кўрилаётгани акс этган.
Компаниянинг хабар беришича, кон хавфсизлик талабларига жавоб бермай қолганлиги сабабли ёпилиб қўриқчилар назорати остида бўлган. Аммо қўриқлаш хизмати ходимлари кетган пайтда маҳаллий кончилар гуруҳи ўзбошимчалик қилиб кондан олтин қазиб олишга уринган.
Шу ўринда, Судан бўйлаб конларда бахтсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлиб туради. Бу, мамлакатдаги конларнинг аксарияти хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги билан боғлиқ.
Беҳруз Саидов