Олмаотадаги ёнғинда ҳалок бўлганларнинг ўлимига нима сабаб бўлгани айтилди
3-саҳифа
−
30 Ноябрь 2023
8398Олмаотадаги хостелдаги ёнғинда 13 кишининг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган. Бу ҳақда шаҳар полиция бошқармаси тергов бўлими бошлиғи ўринбосари Айбат Нурзамадиев маълум қилди.
“13 кишининг жасади топилди, барчасининг шахси аниқланди. Суд-тиббий экспертизаси ўтказилмоқда. Дастлабки тахминга кўра, ўлимга ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган”, дейди у.
Ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари хорижлик – икки нафари Россия ва икки нафари Ўзбекистон фуқаролари.
“Марҳумларнинг қариндошлари дипломатик каналлар орқали хабардор қилинган”, дея қўшимча қилди шаҳар полицияси вакили.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, полиция ушбу хостелда ноқонуний жойлашган ижарачиларни қидирмоқда.
Ўз навбатида, Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Сирим Шарипхонов фожиа сабаблари ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини тушунтирди.
“Тезкор-қидирув ишлари натижасида ертўладан 13 нафар ҳалок бўлган фуқароларнинг жасади топилди. Бу ерда тор йўлаклар, нафас олиш қийин бўлган муҳит, қалин тутун борлиги ишни мураккаблаштирди. Буларнинг барчаси ёнғинни ўчириш ва одамларни тезда топишни қийинлаштирди. Ёнғин хостел учун мослаштирилган ертўланинг коридорида содир бўлган. Хостел бинонинг биринчи қавати ва ертўласида жойлашган эди. Ертўлада кўп миқдорда ортопедик матраслар сақланган, улар катта ёнғинни юзага келтирган. Ҳақиқатан ҳам ертўлада бўлганларнинг қочиш имконияти жуда кам эди. Матраслар ёниб, кўп тутун ҳосил қилган”, дейди вазир.
Шаҳар ҳокимияти қурбонларнинг оилаларига 1 миллион тенге (2,1 минг доллар) ажратмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 ноябрь куни соат 05:33 атрофида Олмаота шаҳрининг Ади Шарипов кўчасида жойлашган бинода ёнғин чиқди. Фавқулодда вазият вақтида ичкарида 72 киши бўлган. Уларнинг аксарияти эвакуация қилинган. Қутқарувчилар етиб келгач, 13 кишининг жасади топилган. Улардан 9 нафари Қозоғистон, икки нафари Ўзбекистон ва яна иккиси Россия фуқаролари экани аниқланди. Шунингдек, икки киши шифохонага етказилган. Дастлабки тахминларга кўра, қурбон бўлганлар карбон моноксит (ис гази)дан заҳарланиш оқибатида вафот этган бўлиши мумкин.
Ёнғин ортидан фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь