Олмаотада 8 та мактабга портловчи мослама қўйилгани айтилмоқда
Олам
−
26 Май 2023
4874Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри полициясига шаҳардаги саккизта мактабга портловчи мосламалар қўйилгани ҳақида маълумот келиб тушди. Бу ҳақда шаҳар полицияси расмий вакили Салтанат Азирбекка таяниб, “Informburo.kz” хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 26 май куни номаълум шахс томонидан Олмаота мактабларига портловчи мосламалар қўйилгани ҳақидаги хабарлар кела бошлаган.
Маълумотни текшириш учун барча кўрсатилган манзилларга жавоб гуруҳлари юборилган.
“Ҳозирда шаҳар тезкор ва фавқулодда хизматлари томонидан олинган маълумотларга кўра, портловчи мосламалар ўрнатилгани тахмин қилинган бир қатор таълим муассасаларини текшириш ишлари олиб борилмоқда. Сапёр бўлинмалари томонидан комиссия текшируви эвакуация қилинмасдан амалга оширилади”, дейди Салтанат Азирбек.
Полиция шаҳар аҳолисидан кўрилган чораларга тушуниш билан муносабатда бўлишни ва ёлғон маълумот тарқатмасликни сўраган.
Ижтимоий тармоқларда полиция шаҳардаги 61 ва 83-сонли мактабларни ўраб олгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда, бироқ Салтанат Азирбек текширув ўтказилаётган барча мактабларнинг рақамларига аниқлик киритмаган.
LiveБарчаси