Олинг қуда, беринг қуда: ЕОИИда кузатувчилик Ўзбекистонга нима бериб, нимани олади?

Таҳлил 25582
image

Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи. Бугун қарийб 30 йиллик мустақиллик даврини босиб ўтаётган Ўзбекистон учун муҳим кун. У мамлакат тақдирининг бир парчасини ёки катта бир бўлагини ҳал этиши мумкин. Ҳар ҳолда экспертлар шундай қарайди. Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи бўлиб кирди. Бу сиз ва биз билган, бозордаги сотувчи ва харидорнинг ўзаро айирбошлашини ташқаридан томоша қилиб туриш эмас, мақом!

Бу масала бўйича, фикр-мулоҳазалар турлича: кимдир мазкур иттифоқда кузатувчи бўлишни ёқласа, яна бошқалар буни мустақилликка бўлган жиддий таҳдид сифатида кўради. Хўш, ушбу иттифоқдаги кузатувчилик мақоми Ўзбекистонга нима беради? Ёки, дангали айтганда, биздан нима кетади? Ўзбекистон учун “эски таниш” бўлган янги иттифоқ мамлакатдаги ислоҳотлар даражасига қандай таъсир кўрсатади? Бугун сиз билан ғойибона суҳбатимиз шу ҳақида. 

ЕОИИ қандай ташкил топган?

Евроосиё иқтисодий иттифоқини ташкил қилишнинг таг илдизи 1994 йилга бориб тақалади. Собиқ Иттифоқ мамлакатлари эндигина ўз давлатчилик сиёсатларини оёққа турғазаётган пайт Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев 1994 йилда ЕОИИни ташкил қилиш таклифи билан чиқади. Мазкур иттифоқни тузиш учун тайёргарлик 1995-2000 йиллар давомида олиб борилиб, ташкилотнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади. 2000 йил 10 октябрь куни Остона (ҳозирги Нур-Султон – таҳр.) шаҳрида Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари томонидан ЕОИИни тузиш ҳақидаги битим имзоланади. Ушбу битим 2001 йил 30 май кунидан кучга киради. Битимга мувофиқ иттифоқ давлатлари ягона иқтисодий макон ва Божхона иттифоқи тўғрисидаги келишувлар асосида бирлашадилар.

2001 йилнинг май ойида иттифоқнинг асосий органлари – ЕОИИ кенгаши ва ЕОИИ интеграция қўмитаси вазифаларини белгилаб берувчи ҳужжатлар қабул қилинди. 2006 йил 24 январь куни Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган кенгашда Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши ҳақида битим имзоланди. Шу йилнинг июнь ойида Беларусь пойтахти Минск шаҳрида ўтказилган кенгашда Ягона иқтисодий макон доирасида иш олиб боришга келишилди. 

2008 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИнинг самарадорлиги ва мувофиқлиги борасида шубҳа билдириб, ундан чиқиш ҳақида баёнот берди. 2008 йил 12 ноябрда  ЕОИИ Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолигини тўхтатиш борасида қарор қабул қилди. Бунга Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг илтимоси асос сифатида кўрсатилган. Ўша йилнинг 12 декабрь санасидаги ЕОИИ кенгашида Ўзбекистон илтимоси расман тасдиқланади.

Ҳозирги кунга келиб, ушбу Иттифоққа Россия, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон ва Арманистон тўлиқ аъзо. Молдова эса кузатувчи бўлиб келаётганди. Бугун унинг қаторига Куба ҳамда Ўзбекистон қўшилди.

Кузатувчи давлатнинг Иттифоқдаги ўрни

Евроосиё иқтисодий комиссиясининг интеграцияни ривожлантириш департаменти директори Гоар Барсегян 3 декабрь куни кузатувчи давлатларнинг ўрнига ойдинлик киритди.

•    ЕОИИ тўғрисидаги келишувга асосан, кузатувчи-давлатлар вакиллари ЕОИИ тадбирларида иштирок этишлари мумкин, лекин қарорларни қабул қилишда қатнашмайди;

•    кузатувчи давлатларга ЕОИИда қабул қилинган махфий бўлмаган ҳужжатлар ва регламентлар тақдим этилади;

•    кузатувчи давлат Иттифоққа ёки аъзо давлатларнинг иқтисодий манфаатларига зарар етказадиган ҳаракатларни амалга оширмаслик мажбуриятини олади;

•    кузатувчи давлат мақоми ЕОИИнинг интеграция кун тартибидан хабардор бўлиш ва турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга имкон беради.

Кузатувчи мақоми Ўзбекистонга нима беради?

Евроосиё иқтисодий иттифоқи дастлаб Божхона иттифоқи кўринишида ташкил топган. Ушбу Шартноманинг мақсади томонлар ўртасида иқтисодий ўзаро алоқаларни ўрнатиш, эркин савдо ва адолатли рақобатни таъминлаш эди.    

Кузатувчи мақомини бериш тўғрисидаги қарор ташкилотнинг Олий Кенгаши томонидан қабул қилинади. Бу мақомни олган давлат эса ЕОИИ таъсис шартномасида кўрсатилган мақсад ва йўналишларга зид, иттифоқ ва унинг аъзо давлатлари манфаатига зарар етказадиган хатти-ҳаракатлар йўл қўйилмаслиги шарт.

Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини олган давлат ҳукумати сифатида, Евроосиё иқтисодий комиссияси ваколатхонасига ўзининг доимий вакилини юборади. Ушбу шахс Ўзбекистон номидан Комиссия ва унинг органлари билан доимий алоқа ўрнатиш ваколатига эга бўлади.

Ушбу доимий вакил ўз давлатидаги Ҳукумат билан Иттифоқ доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, техник, божхона, санитария ва фитосанитария регламентларини тартибга солиш, Комиссия ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича доимий алоқаларни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлашга масъул бўлади. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Иттифоққа аъзо давлатлар учун ўзаро манфаатли соҳаларда икки томонлама ва кўп томонлама мулоқот ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш бўйича фаолият кўрсатади.

Экспертлар қандай фикрда?

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ раҳбари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти жорий йилнинг август ойида Озарбайжоннинг “Trend” нашрига берган интервьюсида ЕОИИ масаласига ҳам тўхталиб ўтганди.

“АҚШда ҳар йили қайта кўриб чиқиш керак бўлган Жексон-Веник тузатишларидан воз кечиш, Ўзбекистон ҳукумати амалга ошираётган ислоҳотларни тан олади ва иқтисодиётга ҳам фойдали бўлади. Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзоликка келсак, Ўзбекистон қўшнилари Қозоғистон ва Қирғизистон тажрибасига таяниб, харажат ва манфаатларни синчковлик билан кўриб чиқиши керак”, деган эди Чакрабарти.

Жорий йилнинг июль ойида АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жонатан Хеник “Коммерсант”нинг Вашингтон Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиб киришига қандай муносабатда экани ҳақидаги саволига жавобан, АҚШ Марказий Осиё республикаларига таъсир ўтказиш учун Москва билан рақобатлашмаслигини билдирган.

“Мен ушбу музокаралар ҳақида изоҳ беролмайман, чунки Қўшма Штатлар ЕОИИ аъзоси эмас. Ўзбекистон иштирокида муҳокамалар давом этмоқда. Шуни биламанки, бу масала Ўзбекистон халқини жуда ўйлантирмоқда. Биз Ўзбекистон фуқароларининг дунё бозорлари ва инвестицияларидан фойдаланишга интилишини қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламизки, Ўзбекистон аҳолиси барча мавжуд маҳаллий блок ва савдо алоқаларини ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласини синчковлик билан ўрганиб чиқади. Қайси бири фойдали эканидан келиб чиқиб, танловни амалга оширади”, деганди америкалик дипломат.

Ушбу Иттифоқ Ўзбекистонга қанчалик керак?

Россияда ким кўп, ўзбекистонлик муҳожирлар кўп. Йўқ, уларнинг ҳаммаси сиз ўйлагандек ёки талқин қилинганидек кўча супураётгани йўқ. Бири ошпаз, иккинчиси сартарош, яна қай бири қурувчи... Буни аввалгидек Ўзбекистон чет элга мардикор тайёрлаб беряпти, деб талқин қилиш, интеграцияни тушунмаслик, англамаслик. Шу боис ЕОИИга аъзолик энг биринчи навбатда Россиядаги меҳнат муҳожирининг кўкрагига шамол тегиши демак. Иккинчи тарафдан бор-йўғи шу аъзо 5-6 мамлакат билан божсиз савдо қилиш. 

Меҳнат патенти тўловларининг бекор қилиниши ёки камайтирилиши натижасида Ўзбекистон мигрантлар орқали йилига тахминан, 200 миллион доллар даромад олиши мумкин. Бу, албатта, муҳожирларнинг ўзлари учун жуда муҳимдир, аммо умуман Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда катта ўсиш сифатида қаралмайди. Мамлакат иқтисодиётини яхшилашнинг асосий усули бошқа мамлакатлар билан савдо қилиш учун имтиёзли шартларни излаш ўрнига, масалан, Грузия эришганидек, бизнес ва хорижий инвестицияларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш эди. 

Гапнинг индаллосини айтганда, ўтган 4 йил ичида ЖСТга аъзо бўлмадик. Икки ўртада айри мамлакатлар турли йўллар билан маҳсулотларимизга тақиқлар қўйишни бошлади. Пандемия даврида мигрантларимизни олиб келиш, самолётимизни учиришда ҳам қийинчиликлар бўлди. Шамол бўлмаса, дахартнинг учи қимирламайди деганларидек, ЕОИИга кузатувчи бўлиш ортида ҳам кучли бўронлар бордир, балки. Ҳозир бу шамол мигрантларимиз бағрига тегиб тургани ҳам оптимизм учун кичик бир асос...
 

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 727
Рейтинг: 2.9
t
×