Олимпиада ўтказилмаса Япония қанча зарар кўриши ҳисоблаб чиқилди

Спорт 4882
image

Токиодаги Ёзги Олимпия ўйинлари COVID-19 туфайли бекор қилинган тақдирда Япония 7,8 триллион иена (74,3 миллиард доллар) йўқотиши мумкин. Ушбу ҳисоб-китобни SMBC Nikko Securities молия компанияси ҳисоблаб чиқди.

Компания ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти йилига 1,4 фоизга пасаяди. SMBC Nikko Securities’нинг қайд этишича, Олимпиада 670 миллиард иеналик (6,5 миллиард доллар) товар ва хизматларга бўлган талабни пайдо қилади. Агар июлгача коронавирус муаммоси меъёрлашмаса, Олимпиада ўйинлари бекор қилиниши мумкин.

Японияда коронавирус билан 1100 нафардан зиёд шахс касалланди. Уларнинг аксарияти - 696 киши - Diamond Princеss круиз кемасининг йўловчилари ва экипажи, 14 киши чартер рейслари билан Хитойдан эвакуация қилинган гуруҳларнинг бир қисми. 60 кишининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда, улар жонлантириш бўлимига жойлаштирилган. 12 киши ҳалок бўлди.

Вирусга чалинганларнинг энг кўп қисми Япониянинг шимолий ороли - Хоккайдо губернаторлигига тўғри келмоқда. Бир ҳафта муқаддам губернаторликда фавқулодда ҳолат жорий қилинди, аҳолига уйларидан заруратсиз чиқиб кетмаслик тавсия этилган.

Японияда оммавий тадбирлар бекор қилинди, ҳафта бошидан бери аксарият мактаблар ёпилди. Бу йил Токио ва Осакада анъанавий сакура байрамлари ўтказилмайди. “Диснейленд” ва бошқа истироҳат боғлари 6 мартдан ойнинг ўрталарига қадар ёпиб қўйилди. Сумо, бейсбол ва бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар, шунингдек, баъзи концертлар ва мода намойишлари интернетда жонли эфир орқали томошабинларсиз ўтказилади.

Касалликлар сонининг кўпайиши тиббий ниқоблар, дезинфекциялаш воситаларини сотиб олишда улкан навбатлар пайдо бўлди – ушбу маҳсулотлар икки ҳафта олдин дўкон расталарида қолмади ва интернет орқали бир неча бор қиммат нархларда сотиш бошланди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 107
Рейтинг: 3
t
×