Олимлар Россия вакцинаси COVID-19 га жиддий таъсир ўтказишидан хавотирда

Саломатлик 16255
image

Россияда тайёрланган “Спутник-V” коронавирус вакцинаси COVID-19 нинг мутациясига сабаб бўлиши мумкин. Вирусолог олимлар самарали экани тўлиқ исботланмаган вакцина вирус генларининг ўзгаришига олиб келишидан хавотирда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълумки, вируслар, жумладан пандемияга сабаб бўлган SARS-CoV-2 ҳам доимий ўзгариб туриши мумкин ва бу одамларга қўшимча хавф туғдирмайди.

Бироқ баъзи олимлар самараси тўлиқ исботланмаган вакцинани қўллаб, вирус патогенига “эволюцион босим” ўтказишнинг оқибатларидан хавфсирамоқда. Бу вазиятнинг кескин ёмонлашувига олиб келиши мумкинлиги айтилмоқда.

“Номукаммал ҳимоя вирусга мавжуд антитанани четлаб ўтиш имконини бериши ва янги штамм юзага келиши мумкин. Бу штамм бошқа барча вакциналарни ҳам четлаб ўтадиган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу ўринда ёмон вакцина у бўлмагандагидан ёмонроқ”, деган Рединг университети (Буюк Британия) вирусолог профессори Иэн Жонс.

“Спутник V” вакцинасини тайёрлаганлар икки ойлик чекланган синовлардан кейин унинг самарадорлиги исботланганини айтмоқда.

Бироқ бу синовлар натижалари эълон қилинмади. Шу сабабдан ғарблик олимлар бу вакцинани қўллашга қўрқяпти. Улар халқаро даражада тан олинган барча синов босқичлари тўлиқ якунлангунча уни қўллашдан тийилишга чақиряпти.

Расмий маълумотларга кўра, Россиянинг “Спутник V” коронавирус вакцинасини рўйхатдан ўтказилгандан кейинги синовларда 40 000 кўнгилли иштирок этяпти.

“Вакцина самарали эканига ишонч ҳосил қилиш керак. Биз ҳақиқатан буни билмаймиз”, деган АҚШнинг Вандербильт университети тиббиёт мактабининг профессори ва вакциналар бўйича эксперти Кэтрин Эдвардс.

Унинг сўзларига кўра, вакцинанинг вирусга таъсири, уни блоклаши ёки организмга мослаштириши доим безовталик билан бўлади.

Бостондаги Бет Исраэль Диаконесс тиббиёт маркази мутахассиси Дэн Барухнинг сўзларига кўра, коронавируснинг мутация частотаси анчайин паст.

Олимларнинг фикрича, вируснинг вакцина натижасида мутацияга учраши камёб ҳолат.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 563
Рейтинг: 3
t
×