“Олдин ўзингга боқ...” Хитой G7’нинг даъволарига жавоб қайтарди
Олам
−
18 Апрель 2023
21403Хитой G7 мамлакатлари бошқа давлатларнинг қурол-яроғ назорати сиёсатини танқид қила туриб, ўзлари ядровий қуролни тарқатмаслик глобал тизимини жиддий равишда бузади, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 18 апрель куни брифингда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Венбин маълум қилди.
“Катта еттилик давлатлари бошқа давлатларнинг стратегик хавфсизлик ва қуролларни назорат қилиш сиёсатини танқид қиладилар, бироқ уларнинг ўзлари ядровий қуролсизланиш ва ядровий қуролларни тарқатмаслик халқаро тизимини бузишда давом этмоқда. Қўшма Штатлар ва Буюк Британия Австралияга сув ости ядровий реакторлари ва қурол-яроғларини ўтказмоқда. Бу ядровий қуроллар тарқалишининг жиддий хавфини келтириб чиқаради ва Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома мақсадларини бузади”, дейди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили.
Шунингдек, Ван Венбин Хитой ҳар доим ядровий мудофаа стратегиясини ва ядровий қуролдан биринчи бўлиб фойдаланмаслик сиёсатини олиб борганини, ядро кучларини миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган энг паст даражада ушлаб туришини таъкидлаган.
G7 давлатлари эса бугун, 18 апрель куни Хитой ядро арсеналини кўпайтиришдан хавотир билдирган ва Пекинни Вашингтон билан стратегик барқарорлик бўйича мулоқотга чақирган.