Октябрда ўзбекистонликларни қандай об-ҳаво кутяпти?

Бу қизиқ

image

Кузнинг биринчи ойи – сентябрь ҳам охирига етиб келди. Кўпинча қулай ҳарорат фони билан сентябрь ойи Ўзбекистонда ёзга ўхшайди. Бу йил ҳам ҳудди шундай бўлди. Республика ҳудудининг катта қисмида сентябрь ойида ёмғир умуман ёғмади. Ҳаво ҳарорати 30-35 даража атрофида, айрим кунларда 37 даражагача, жанубда 39 даражагача бўлди. Фақат ойнинг ўрталарида совуқнинг қисқа тўлқини куз келганини эслатди.

Гидрометеорология хизмати маркази Ўзбекистонда октябрь ойида қандай об-ҳаво кузатилаётгани ҳақида маълумот берди. Унга кўра, бу йил октябрь ойининг биринчи беш кунлиги қуруқ ва бироз илиқ об-ҳаво билан бошланади, кундуз кунлари қуёш нурлари ҳавони 22-25 даражагача иситади. Фақат кечаси ва эрталаб ҳаво ҳарорати 10-13 даражагача салқин бўлади. Кейинчалик ойнинг биринчи ўн кунлиги охиригача об-ҳаво шароитида кескин ўзгаришлар кутилмайди.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳудуднинг катта қисмида ҳарорат кечалари 8-13 даража илиқдан 0-5 даража илиққача, кундуз кунлари 18-23 даража илиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларда 0-1 даража совуқ бўлиши мумкин. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.

Умуман, ҳарорат тартибига кўра, октябрь ойи меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан 1-1,5 даражага кам, ёғингарчилик меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кўп бўлиши кутилмоқда.

Иқлимий меъёрларга кўра, Ўзбекистоннинг Жанубий вилоятларида ёғингарчилик октябрь ойида 3 кундан 5 кунгача, қолган ҳудудларда эса 5 кундан 7 кунгача бўлиши мумкин. Октябрь ойида ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади, аммо ҳавога кескин совуқ бўлганда ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши истисно қилинмайди.

Тунги ҳаво ҳароратининг ўртача йиллик қиймати 6-11 даражани ташкил этади, лекин кўпинча октябрда, айниқса ойнинг иккинчи ярмида биринчи кузги совуқлар кузатилади.

Октябрь ойида кундузги ҳарорат одатда 23-28 даража илиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туради.

“Албатта, табиат ўз тузатишларини амалга оширади ва баъзида ҳароратнинг ёки ёғингарчиликнинг ҳақиқий қийматлари кўп йиллик давр қийматларидан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин.

Масалан, Тошкентда метеорологик кузатишларнинг бутун бир асрдан ортиқ тарихи давомида айрим йилларда октябр ойида максимал ҳаво ҳарорати 33-36 даражага етган. Октябрь ойи ҳароратининг мутлақ максимуми 37,5 даражани ташкил этади, бундай ҳарорат 1941 йилда кузатилган”, дейилади Ўзгидромет ахборотида.

Тошкент учун октябрь ойида минимал ҳароратнинг рекорди 11,2 даража совуқни ташкил этади, аммо бу жуда узоқ вақт олдин, ўтган асрнинг бошларида бўлган. Охирги 20 йил ичида Тошкентда минимал ҳарорат 1-2 даража совуқдан пастга тушмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

об-ҳаво

Баҳолаганлар

1377

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг