ОКМКда ҳамкорлик форуми ўтказилди
Бизнес
−
07 Июль 2023
3289Жорий йилнинг 6 июль куни Олмалиқ шаҳрида “Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг узоқ муддатли ривожлантириш истиқболлари" мавзусида форум бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида ташкил этилган мазкур форумда “Deutsche Bank”, “KfW-IPEX Bank”, “Siemens”, “Zippelin”, “PWC”, “Ernst & Young”, “KPMG”, “SAP”, “Terralink”, “Aveva”, “Datamine”, “Цифра”, “Noventiq Worley”, “К&К Gold GROUP”, “Sebine Technology”, “Sepro mineral system”, “МЕ SOLUTIONS GP”, “ABM Anlagenbau und Maschinentechnik”, “Xingtai ME Mining Equipment”, “RWS optimum”, “UET Consulting”, “CRRC Daliаn” ҳамда бошқа кўплаб йирик хорижий компаниялар минтақавий раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Форумнининг мақсади Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ривожлантириш истиқболлари ва йўналишлари, амалга оширилган ислоҳотлар, потенциал инвестиция имкониятларини намойиш этиш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Очилиш маросимида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқарув раиси А.Хурсанов сўзга чиқиб, комбинат фаолияти, инфратузилма объектлари, ҳамда истиқболли лойиҳалар ва амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар берди.
Форум давомида “Glencore International AG” компаниясининг Харидлар бўйича директори Мария Самойлова, “JPMorgan” банкининг ижрочи директори Юнгха Ким , “Falk Porsche” компания таъсисчиси Фальк Порше Ўзбекистоннинг географик жойлашуви, яқин ва узоқ шарқ ва ғарб давлатлари билан эркин савдо режимлари, GSP+ бенефициари мақоми, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишлари, бой хомашё ресурслари ҳамда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиришиб, узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг истиқболли йўналишлари бўйича ўзларининг таклифларини беришди.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кечаётган иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу мамлакатни инвестицион жозибадорлигини оширмоқда. Бугун кўплаб хорижий компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга ва сармоя киритиш учун тайер. Биз анчадан буён Олмалиқ кон металлургия комбинати билан ҳамкорлик қилиб, бир қатор маҳсулотлари харид қилиб келамиз. Бу ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланишининг тарафдоримиз”, дейди “Glencore International AG” компаниясининг Харидлар бўйича директори Мария Самойлова.
Форум доирасида “B2B” музокаралари ва “Кон-металлургия саноатида рақамли трансформация”, “Комбинатда истиқболли лойиҳалар ва чиқиндиларни қайта ишлаш,” “Кон-металлургия саноатида тоғ кон-металлургия ва юқори технологик ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, “Тоғ-кон саноатида барқарор ривожланиш”, “Транспорт соҳасида замонавий ва илғор технологияларни жорий қилиш” мавзуларида панель сессиялари ҳамда лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Учрашувлар ва панел сессиялар якунларига кўра, комбинатнинг хорижлик ҳамкорлари келгусидаги ишларни давом эттириш, истиқболда ҳамкорлик йўналишларини шакллантиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Форум иштирокчилари комбинат конлари ва инвестиция лойиҳаси доирасида қурилаёган объектларда хам бўлди.