Охирги 3 йилда 30 киши олтин қазиб олиш жараёнида ҳалок бўлди – Сенат
3-саҳифа
−
28 Ноябрь 2023
4685Ўзбекистонда 2021-2022 йиллар ва жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида қимматбаҳо металларни қазиб олиш ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги оқибатида қарийб 30 нафар фуқаро ис газидан ёки қум ва тош босиб қолиб, вафот этган. Бу ҳақда бугун, 28 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида сўз борди.
Мажлисда ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси масъул раҳбар ходимларининг ахборотлари эшитилди.
Йиғилишда қайд этилишича, олтин ва қимматбаҳо металларни қонуний қазиб олишнинг афзалликлари юзасидан ваколатли органлар томонидан тарғибот ишлари етарли даражада олиб борилмаганлиги оқибатида Тошкент, Наманган, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида аҳоли томонидан очиқ майдонларда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари йилдан-йилга кўпаймоқда.
2020 йилда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари юзасидан 34 та маъмурий иш қўзғатилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 463 тани, 2022 йилда эса қарийб 1500 тани ташкил қилган.
Очиқ майдонларда қазиб олиш ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги оқибатида 2021–2022 ва 2023 йилнинг 10 ойида қарийб 30 нафар фуқаро ис газидан ёки қум ва тош босиб қолиб, вафот этган.
Бундан ташқари, очиқ майдонларда ноқонуний олтин қазиб олиш жараёнларига вояга етмаганларни ҳам жалб қилиш ҳолатлари мавжуд.
“Шу билан бирга, таркибида олтин ва қимматбаҳо металлар бўлган рудаларни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 70-2-моддаси билан қўлланиладиган жарима миқдори кам белгиланганлиги ҳам мазкур йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатларининг айни бир шахслар томонидан такрор содир этилишига сабаб бўлмоқда”, дейилади Сенат ахборотида.
Билдирилишича, бугунги кунда 102 нафар жисмоний шахс томонидан қимматбаҳо металларни ноқонуний йўл билан қазиб олиш ҳолати такрорий содир этилган.
Бундан ташқари, “НКМК” АЖ, “ОКМК” АЖ ва бошқалар томонидан захирага олинган шахта ва карерлар атрофи ўраб олиниб, қўриқланиши таъминланмаган.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ҳудудий экспедициялари томонидан шахта ва штолняларни лойиҳа бўйича иш тугатилгандан сўнг ўрнатилган тартибда тўлиқ ёпиш чоралари кўрилмаган, бу эса мазкур ҳудудларда олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олаётган фуқароларга ноқонуний қазиб олиш ишларини олиб боришига шароит яратмоқда.
Маъданли тошлар таркибида қимматбаҳо металлар миқдорини аниқлаш юзасидан экспертиза ўтказишга оид норматив–ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.
Муҳокамалардан сўнг Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мутасадди вазирлик ва идорларни жалб қилган ҳолда соҳадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилган.
Хусусан, камчиликларни бартараф этишга қаратилган тегишли идоралараро “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, унинг ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатиш, ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда амалдаги қонунчилик ҳужжатларини, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларидаги тегишли жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиб, уларни такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 ноябрь куни Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида кон ишчиси тош босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди. Воқеа Булоқбоши тумани “Қақир” МФЙ худудида жойлашган “Муҳаммад Тош кони” масъулияти чекланган жамиятига тегишли конда содир бўлган.
LiveБарчаси