Оқ уйнинг 34 ходимида коронавирус аниқланган 

Олам 4595
image

Янги коронавирус Оқ уйнинг 34 ходими ва улар билан ўзаро таниш одамларда аниқланган. Бу ҳақда АҚШ Фавқулодда вазиятларни бошқариш федерал агентлигига асосланиб хабар берилган. 

Сўнгги кунларда коронавирус АҚШ Президентининг катта маслаҳатчиси Стивен Миллер, Оқ уй Матбуот котиби Кейли Макинэни ва унинг тўрт нафар муовинида аниқланган. Шунингдек, Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэй, учта республикачи сенатор, Республикачилар Миллий қўмитаси раиси Ронна Макдэниел, Оқ уй раҳбарининг сайлов кампанияси менежери Уилям Степин, Трампнинг шахсий ёрдамчиси Ник Лунада коронавирус қайд этилган. 

АҚШ Президенти Дональд Трамп 2 октябрга ўтар кечаси Twitter'да ўзи ва рафиқаси Мелания Трампга коронавирус ташхиси қўйилганини эълон қилганди. Кейин давлат раҳбари Мэриленд штатидаги Уолтер Рид номли тиббиёт марказига ётқизилди. 5 октябрь куни эса Трамп шифохонадан чиқиб, Оқ уйга қайтиб келди

7 октябрь куни Америка етакчисининг даволовчи шифокори Шон Конли Президентда 24 соат давомида коронавирус касаллиги аломатлари кузатилмаганини айтди.

Маълумот учун, АҚШда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 7,5 миллиондан ошган. 211 мингдан ортиқ киши вафот этган. 

Дунёда коронавирус юқтирганлар 36 миллиондан ошди. 1 миллиондан ортиқ киши касаллик асоратлари оқибатида вафот этди

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 85
Рейтинг: 3
t
×