Оқ уй Россиянинг огоҳлантиришига жавоб қайтарди
Олам
−
13 Май 2022
22956НАТО мудофаа ташкилоти, босқинчилик эмас, альянс Россияга таҳдид солмайди. Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки расмий Москванинг Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиш эҳтимолига билдирган муносабатига шундай жавоб қайтарди.
Псакининг таъкидлашича, НАТО, АҚШ, Финляндия ва Швеция томонидан Россияга нисбатан ҳеч қандай тажовузкорлик йўқ. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Хельсинки ва Стокгольм Вашингтоннинг хавфсизлик бўйича узоқ йиллик шериклари бўлиб, иттифоқ билан кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келади.
Аввалроқ Псаки Украинанинг НАТОга кириш истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб берган эди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Псакининг таъкидлашича, Вашингтон ҳар қандай давлатнинг иттифоққа қўшилиш истагини олқишлайди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.
“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.
LiveБарчаси