Оқ отдаги “шаҳзода”. Ким Чен Иннинг “ғалабалари” ҳақида фильм олинди 

Олам

image

Шимолий Кореяда кеча, 1 февраль куни мамлакат етакчиси Ким Чен Ин “тарихдаги энг қийин синовдан” ўтгани ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильм муаллифлари коронавирус пандемияси, шунингдек, ядро қуроли туфайли Ғарб давлатлари КХДРга нисбатан жорий қилган санкцияларни назарда тутмоқда.

“Буюк ғалаба йили – 2021” деб номланган 110 дақиқалик фильм Шимолий Кореянинг йил давомида эришган асосий ютуқлари, жумладан баллистик ракеталарни яратиш ва ҳукуматнинг коронавирус пандемиясига қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳикоя қилади. 

Фильмда янги 80 қаватли осмонўпар бино ва катта турар-жой ҳудудининг қисқа кадрлари мавжуд. Бундан ташқари, ҳужжатли фильмга Шимолий Кореянинг ракета синовлари ва 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтган қурол-яроғ кўргазмасидан кадрлар киритилган. 

Кадр ортидаги овоз Шимолий Корея етакчисининг ҳаракатларини олқишлаб, уларни “ғалаба” деб атайди. Бироқ, аввалги ҳужжатли фильмларга қараганда, янги фильмда Ким Чен Ин бироз озғинроқ кўринади. Фильмда КХДР етакчисининг озганига тўғридан-тўғри ишора қилинмаган, бироқ 2021 йил октябрь ойида Жанубий Корея разведкаси Ким Чен Ин 20 килограммга озганини маълум қилган эди. 

“Ушбу видео унинг инсонийлигини кўрсатди, чунки у ўзини бутунлай одамларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга бағишлаган”, дейилади ҳужжатли фильмда. 

Эпизодлардан бирида Ким Чен Ин ёмғир суви босган қурилиш майдончасига ташриф буюриб, ясама зинапоядан тушишда қийналаётгани кўринади. Шунингдек, фильмда Шимолий Корея етакчисининг соҳилда оқ от миниб, қуёш чиқишини томоша қилаётгани акс этган кадрлар ҳам бор. 

Фильм муаллифлари Шимолий Корея аҳолиси озиқ-овқат тақчиллиги туфайли дуч келаётган қийинчиликларни деярли тилга олмаган. 2021 йил октябрь ойида КХДР етакчиси ўз чиқишларидан бирида мамлакат аҳолисини камроқ овқатланишга чақирган, бироқ декабрь ойида у Шимолий Кореянинг ҳукмрон партияси беш йиллик иқтисодий режани амалга оширишда маълум ютуқларга эришганини, аммо баъзи қийинчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолаётганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

254

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг