Оилавий зўравонликдан жабрланганлар аҳолининг эҳтиёжманд тоифасига киритилади
Жамият
−
02 Октябрь
1532Эндиликда Ўзбекистонда оилавий зўравонликдан жабрланганлар аҳолининг эҳтиёжманд тоифасига киритилади. Бу ҳақда Президент томонидан имзоланган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қайд этилишича, маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилаётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилишининг олди олинади. Унга кўра, иш қидираётган шахсларнинг меҳнат органларига ортиқча ҳужжатлар тақдим этишига йўл қўйилмаслигини, бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидиялар тақдим этиш механизми такомиллаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни, ходимларнинг ишдан бўлғуси озод этилиши ҳақидаги ахборотни ҳар ойда электрон тарзда тақдим этиш шартлари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг номланиши аниқлаштирилмоқда, шунингдек оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифасига киритилмоқда.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
LiveБарчаси