Оила аъзоларим билан телефонда гаплашсангиз ҳам, жавобгарликка тортиласиз – Ташиев
Олам
−
27 Сентябрь
42421Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев идора ходимлари ва бошқа давлат хизматчиларини фарзандлари ҳамда қариндошларининг топшириқларини бажармасликка чақирди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Ташиев Қизил-Қия шаҳридаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг янги биноси очилишида сўзга чиқиб, давлат хизматчиларидан бирортаси унинг яқинлари билан алоқага чиқса, уларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилишидан огоҳлантирди.
“Оила аъзоларим ва фарзандларим билан телефонда гаплашсангиз ҳам, жавобгарликка тортиласиз. Сиз уларнинг талаблари ёки кўрсатмаларини бажаришга мажбур эмассиз. Мен ўз шахсий ишимни лавозимим ёрдамида ҳал қилмайман ва ҳеч қачон яқинларимнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича топшириқ бермаганман ва бермайман ҳам”, деган Қамчибек Ташиев.
У Қирғизистонда аввалги ҳокимият даврида оилавий-клан (уруғчилик) бошқаруви мавжудлигини эслатиб ўтди.
“Мамлакатнинг маҳаллий раҳбарияти давлат ишига аралашди ва келажакда бундай бўлмаслиги керак”, деган у.
Ташиевнинг қўшимча қилишича, унинг алоҳида йирик миқдордаги фирибгарликда гумонланиб ҳибсга олинган қайноғаси уч ойдан бери тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
“У юқори лавозимда ишлаган, полиция полковниги эди. Аммо у менинг номим билан ортимга яшириниб, ноқонуний ишларга қўл урган ва ҳозир қамоқда. У жабрланувчиларга пул тўлайди, қонун доирасида ўз жазосини олади ва шундан кейингина озодликка чиқади”, деган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчибек Ташиев Қирғизистон Жогорку Кенешини Райим Матраимов билан алоқадор бўлган шахслардан “тозалаш” якунланганини маълум қилганди. Унинг айтишича, Матраимовнинг “бўйнида” 200 миллион доллар қарз бор, уни собиқ божхоначи мамлакат бюджетига тўлаши керак. Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизматида ишлаган. 2020 йилда жиноятга аралашиб, 2021 йил 11 февралда коррупцияда айбланган ва судланган. Амалдор тергов билан келишув тузиб, давлатга 24 миллион доллар тўлагани туфайли у қамоқдан қутулишга муваффақ бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь