Парламент Матраимовчилардан “тозаланди” – Ташиев
Олам
−
17 Май
9834Қирғизистон Жогорку Кенешида Райим Матраимов билан алоқадор бўлган шахслардан “тозалаш” якунланди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилди.
Ташиевнинг сўзларига кўра, парламент Матраимов билан божхонада алоқадор бўлган ва бирга тадбиркорлик қилган барчадан “тозаланган”.
"Биз давлат идораларида ҳаммани тозалаяпмиз, лекин улар ҳали ҳам бор", дейди Ташиев.
Унинг айтишича, Матраимовнинг “бўйнида” 200 миллион доллар қарз бор, уни собиқ божхоначи мамлакат бюджетига тўлаши керак.
“Мамлакатимизда коррупция авж олгани учун стадионлар, мактаблар, йўллар аянчли аҳволда, давлат эса ожиз”, дейди Ташиев.
“АКИpress” хабарига кўра, еттинчи чақириқ Жогорку Кенеш иши давомида парламентнинг 18 нафар депутати турли сабабларга кўра ўз мандатини топширган.
Нашр уларнинг барчаси Матраимов билан боғлиқми ёки йўқлигини очиқламаган.
Бир ой олдин Ташиев республика парламентини коррупционер депутатлардан тозалашга ваъда бериб, бу жараён давом этишини қўшимча қилганди.
“Номзодларда пул бўлса, таниш-билишлари кўп ёки юқори мартабали қариндоши бўлса, депутат бўламан, деган умидда бўлмаслиги керак. Парламентга халққа хизмат қилишга тайёр инсонлар, ўз юртининг ватанпарварлари келиши зарур”, дейди у.
Маълумот учун, Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизматида ишлаган. 2020 йилда жиноятга аралашиб, 2021 йил 11 февралда коррупцияда айбланган ва судланган. Амалдор тергов билан келишув тузиб, давлатга 24 миллион доллар тўлагани туфайли у қамоқдан қутулишга муваффақ бўлди.
Кейинроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича иш қўзғатган, бунга терговчи журналистларнинг материаллари сабаб бўлган.
Жорий йилнинг март ойи охирида собиқ божхоначи Озарбайжондан ватанига экстрадиция қилинди ва ҳибсга олинди.
Матраимовга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, жумладан, жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича иш қўзғатилган. У билан бирга унинг уч укаси ҳам ҳибсга олинган.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь