Оғир меҳнат шароити учун устама тўланадиган туманлар сони ортади

Жамият

image

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги республиканинг айрим ҳудудларида меҳнатга қўшимча ҳақ тўлаш таклифи билан чиқди. Идора томонидан ишлаб чиқилган тузатишлар лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

“Norma”нинг эслатишича, 2019 йилнинг сентябрь ойида Ҳукумат тармоқ коэффициентлари ва туман коэффициентлари қўлланиладиган табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойлар рўйхатини тасдиқлаган. Бироқ шундан кейин Вазирлар Маҳкамасига қабул қилинган қарор доирасидан ташқарида қолган ташкилотлар ва фуқаролардан мурожаатлар келиб туша бошлаган.

Шу муносабат билан лойиҳа муаллифлари қуйидагиларни таклиф этишмоқда:

биринчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 3 августдаги 389-сон қарорининг 18-бандига тузатиш киритиш. Унда гап Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги нефтни қайта ишлаш заводида бевосита банд бўлган барча тоифадаги ходимларнинг иш ҳақларига сувсизлик ва чўл шароитлари учун туман коэффициенти (1,7) хусусида бормоқда.

Ҳужжатнинг давлат тилидаги матнида ушбу коэффициент завод қурилиши олиб борилган давр мобайнида амал қилиши кўрсатилган, бироқ рус тилидаги версиясида бу мавжуд эмас. Амалда эса коэффициент доимий асосда қўлланилмоқда, шунингдек у янги ҳужжатда ҳам акс эттирилган. Ходимларнинг иш ҳақи камайишига йўл қўймаслик учун 18-банднинг иккинчи хатбошисидан “қурилишида бевосита” сўзларини олиб ташлашмоқчи;

иккинчидан, Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида 1,2 миқдордаги туман коэффициентини жорий этиш. Табиий-иқлим шароитларини қўшимча таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, йилда ҳаво ҳарорати +41 даражадан ортиқ кунлар, чанг-тўзонли бўрон ва ёғинларнинг ўртача йиллик меъёри (кескин қиймат) бу ерда мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичлардан жиддий равишда ошади.

Лойиҳага илова қилинган тушунтириш хатига асосан, туман коэффициентлари 17,3 минг нафардан зиёд бюджетчиларни ва барча хўжалик ҳисобидаги ташкилотларни қамраб олади. Ушбу чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 37 млрд сўм бюджет маблағлари талаб этилади.

Шунингдек, меҳнаткашларга ушбу туманларда қўшимча меҳнат таътилининг энг кам муддатини (2 иш куни) белгилаш режалаштирилмоқда;

учинчидан, касбнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги аҳамияти ҳамда меҳнатнинг мураккаблиги ва шартларидан келиб чиқиб, тармоқ коэффициентларини тариф ставкалари гуруҳлари билан боғлаган ҳолда рангли металлургия корхоналарида тариф ставкалари гуруҳлари тизимини жорий этиш. Уран ва торий конларида қазиб олиш билан шуғулланувчи ходимларга ҳам оширилган тармоқ коэффициентларини белгилаш таклиф қилинмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида шу тариқа меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини тартибга солиш таъминланади ва ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилади, деган фикрдалар.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

устама оғир меҳнат

Баҳолаганлар

100

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг