Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилади
Жамият
−
04 Июнь
3350Эндиликда Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилади. Бу ҳақда бугун, 4 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда халқаро мукофот учун танловлар 2025 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир марта қуйидаги йўналишларда ўтказилиши ва ғолиблар аниқланиши белгилаб қўйилган:
- ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
- ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
- ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
- хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;
- хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;
- хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима.
Халқаро мукофот ғолибларининг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Ғолибларга Халқаро мукофот тантанали равишда топширилади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро мукофот кенгашининг ишчи органи ҳисобланади. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов зиммасига юкланган.
LiveБарчаси