ОФК таркибида бўлганимизда, биз ҳам мундиалга чиқардик – Қозоғистон бош мураббийи
Спорт
−
27 Март
7285Қозоғистон миллий жамоаси бош мураббийи Али Алиев Осиё футболи даражасини ортиқча баҳолаш керак эмас, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Лихтенштейнга қарши ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
“Лихтенштейнга қарши ўйиннинг биринчи бўлимида Қозоғистон бирор марта ҳам дарвоза томон зарба бера олмади, бу пайтда эса қўшниларимиз — Ўзбекистон ва Қирғизистон жиддий натижалар кўрсатмоқда. Қирғизистон Қатарни мағлуб этди, Ўзбекистон эса жаҳон чемпионатига чиқишга яқин. Ғалаба муҳимлигини тушунаман. Бироқ чиндан ҳам дастлабки қирқ дақиқада бирор марта ҳам дарвоза томон зарба бера олмаганимиз факт. Биз ўзимизни қўшниларимиз билан солиштирадиган бўлсак, Қирғизистон Қатарни мағлуб этди, Ўзбекистон эса Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш арафасида. Қирғизистон ҳам, Ўзбекистон ҳам уч марказий ҳимоячи билан ўйнаб, ўз имкониятларини қидирди”, дейди Алиев.
Шунингдек, Алиев агар Қозоғистон ОФК таркибида бўлганида Жаҳон чемпионатига чиқиши мумкинлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
“Агар биз ҳам Осиё минтақаси таркибида бўлсак, Жаҳон чемпионатига аниқ йўлланма оламиз. Аммо Осиё футболи даражасини ортиқча баҳолаш керак эмас. Уэльс ва Шимолий Македониянинг ўйини буни исботлайди. Бугун биз иккита гол урдик ва ёшларга ўзини кўрсатиш имкониятини бердик. Мағлубиятлар сериясидан сўнг ғалаба қозондик. Бу эса олдинга силжиётганимиздан далолат”, дейди Алиев.
Маълумот ўрнида, Қозоғистон миллий терма жамоаси UEFA саралаш “J” гуруҳидан ўрин олган. Гуруҳда қозоқлар Шимолий Македония, Уэльс, Бельгия ва Лихтенштейн билан ЖЧ-2026 йўлланмаси учун кураш олиб боради. 22 март куни бўлиб ўтган биринчи турда Қозоғистон меҳмонда Уэльсга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Иккинчи турда яққол аутсайдер Лихтенштейн устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Кейинги турларда Қозоғистон Шимолий Македония ва Уэльсни ўз уйида қабул қилади.
LiveБарчаси