Одилхон қори қандай озод этилгани маълум қилинди
Жамият
−
20:43 7259 2 дақиқа
Аввалроқ, QALAMPIR.UZ Одилхон қори Исмоиловнинг яқинларига таяниб, унинг озодликка чиққани ҳақида хабар берган эди. Ушбу иш юзасидан Наманган вилояти судлари расмий ахборот эълон қилди.
Билдирилишича, ушбу жиноят иши Наманган вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, бугун, 12 октябрь куни апелляция судининг ажрими эълон қилинган.
Расмий ахборотга кўра, жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг бир қисми нақд пул шаклида депозит ҳисоб рақамига топширилган. Шунингдек, судланган Одилхон Исмоиловга тегишли мулкнинг банкнинг талабига асосан банк балансига қабул қилиниши белгиланган ва хатланган мулкларни сотилиб, зарарни қоплашга йўналтирилган. Бундан ташқари, моддий зарарни қоплаш учун фақатгина Одилхон Исмоилов ва унинг яқин қариндошларига тегишли мулклар зарарни қоплашга йўналтирилган. Шулар эътиборга олиниб, Одилхон Исмоиловга Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилиб, 3 йил синов муддати билан Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳисобланиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Жиноят ишлари бўйича Поп туман судида “Rayxon oilaviy milliy taomlari” таъсисчиси, муқаддам судланмаган Одилхон қори Исмоилов ва бошқаларга оид жиноят иши кўриб чиқилган.
Суд ҳукмига кўра, 7 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” банди ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Одилхон қори Исмоиловга (Жиноят кодексининг 62-моддасига мувофиқ (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) асосан 7 йил 11 ой 28 кун) 8 йил муддатга, қолган 6 нафар судланувчига жиноий хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
У кўп йиллар давомида Тошкент шаҳридаги бир нечта йирик масжидларда, жумладан, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби ва “Кўкча” (Шайх Зайниддин) масжиди имоми сифатида ишлаган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь