Одил судловда Африканинг айрим мамлакатларидан ҳам орқадамиз – сенатор
Жамият
−
02 Июнь 4081 2 дақиқа
Сенатор Абдураҳим Эркаев аҳолида суд-ҳуқуқ тизимига ишонч сўниб бораётгани, орқага кетиш борлигини айтиб, Ўзбекистон жаҳон одил судлов лойиҳасининг ҳуқуқ устуворлиги индексида пастлаганини маълум қилди. Бу ҳақда у 29 май куни Сенат 7-ялпи мажлисида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда мамлакат жаҳон одил судлов лойиҳасининг ҳуқуқ устуворлиги индексида 5 поғонага пастлаб, 83-ўринни эгаллаган. Сенатор халқаро рейтинглардаги бу пасайишнинг сабабларини санар экан, ҳалигача коррупция ҳолатларининг мавжудлигини билдирди.
“Жаҳон одил судлов лойиҳасининг ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича беш поғонага пастлаб, 83-ўринни эгаллаб турибмиз. Беш поғонага пастладик. Беш поғона кўтарилганимизда бошқа гап эди. Энди худди шу индекснинг таркибига кирувчи фуқаролик одил судловига эришиш даражасининг юқорилиги субиндикаторида мамлакатимиз ўрни ўтган йилда 10 поғонага пасайди ва 96-ўриндан 106-ўринга чиқдик. Африканинг айрим мамлакатларидан ҳам орқадамиз.
Бу ҳолат низоларни ҳал қилишда одил судловга эришиш қийинлиги, суд тизимига ишончнинг сусайиб бораётгани, мурожаатларни кўриб чиқишда адолат ва холислик принциплари аҳоли томонидан сезилмаётганидан далолат беради. Кўп ҳолатларда суд қарорларининг ижроси кечиктирилади ёки бажарилмайди”, деган сенатор.
Эркаев мазкур индикаторларни ҳисоблашда аҳоли ўртасида ҳам ҳар хил сўровлар ўтказилишини таъкидлаб, суд-ҳуқуқ тизимининг айрим соҳаларига одамларнинг ишончи пасайиб бораётганини айтган.
“Кейинги йиллардаги суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ишларимизнинг натижаси қани? Натижаси йўқ. Яхши эмас, орқага кетиш бор. Ким ишлаётган бўлса ижобий натижалари бор. Салбий натижа қайд этилган жойларда ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган”, дея таъкидлаб ўтган сенатор ўз чиқишида.
Live
Барчаси