Одамларни “ухлатган” сохта Аксилкоррупция агентлиги ходими қамалди

3-саҳифа

image

Facebook ижтимоий тармоғида М.М. номли профил эгаси ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, алдов йўли билан ноқонуний даромад қилаётган шахс 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда агентлик Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу шахс ўзганинг мулкини алдов йўли билан қўлга киритмоқчи бўлган. Шунинг учун 2019 йил август ойида фуқаро Д.С.га банкдан 1,5 млрд АҚШ долларига тенг кредит олиб, катта бизнес бошламоқчилигини айтган. Бу бизнесида Д.С.ни ўзига иш бошқарувчи сифатида ишга олишига ишонтириб, кредитнинг биринчи тўлови учун ундан 110 млн сўм миқдорида қарз сўраган.

2020 йил 22 январь куни  нотариал тартибда  тузилган ўзаро қарз шартномасида М.М. ушбу маблағни 2020 йил 23 август кунига қайтаришни, акс ҳолда ўзи бошқариб юрган Captiva русумли машинани Д.С.нинг номига расмийлаштириб беришни қайд этган. Шунга қарамай, М.М. ваъдасини бажармай, пулларни ўз шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Энг қизиғи машина ҳам аслида ўзганинг номида бўлган. 

Бундан ташқари М.М. ўзининг жиноий ҳаракатларини яна давом эттириб, фирибгарликка такроран қўл урган. Бу гал у фуқаро Н.С.га ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, автомашина ва уй олиб беришни ваъда қилган. Эвазига ундан алдов йўли билан 11 минг доллар олган.

Маълум бўлишича, М.М. агентлик томонидан ўтказилган расмий тадбирларда бошқа фуқаролар қаторида иштирок этиб, ушбу тадбирлар юзасидан Интернет тармоғида бериб борилаётган фото-видео лавҳаларни ўзига сақлаб олган. Мазкур маълумотларни атрофидагиларга кўрсатиш орқали ўзини Агентлик ходими эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилиб келган. Шунингдек, у Facebook ижтимоий тармоғида профил очиб, ўзининг агентликдаги иш фаолияти тўғрисида ёлғон маълумотларни жойлаштириб келган.

Бундай фирибгарликдан жабрланган фуқаро Н.С. М.М.га нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб, агентлик директори номига ариза билан мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ички ишлар идораси томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. 

“Суд ҳукмига кўра, М.М. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, суд қарорида М.М.дан жабрланувчи Д.С.нинг фойдасига 110 млн сўм, Н.С.нинг фойдасига эса 130 млн сўм ундирилиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Аксилкоррупция агентлиги қамалди

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг