Президент ҳокимларнинг 2,5 минг қарори судларда “синганини” танқид қилди

Жамият

image

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш учун барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоатчилик ташкилотлари, ОАВ ва ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаати давомида айтиб ўтди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилинган.

“Охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилингани, бундан буён уларнинг қарор қабул қилишида очиқликни таъминлаш зарурлигини тақозо этмоқда. Бунга ё билимсизлик, ё коррупция асос бўлган”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шунинг учун, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бир ой муддатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритади.

Кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини баҳолайдиган, очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилади.

Молия вазирлиги уч ой муддатда давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни, эълон қилиш амалиётини йўлга қўяди.

“Коррупциянинг олдини олишда, барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари, очиқ, ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш, ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Масалан, фуқароларимиз жорий йилдан бошлаб, очиқ эълон қилинаётган давлат харидларига оид маълумотлардан фойдаланиб, ўринли масалаларни кўтармоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг