Объектларни аукционга чиқариш учун йиғим бекор қилинади

Жамият 1961
image

2021 йил 1 сентябрдан “E-auksion” электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг “Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Қарорга кўра:

•    иштирокчиларга, шу жумладан чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан бепул тақдим қилинади;

•    объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади;

•    аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;

•    хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;

•    сотилган объектнинг қиймати БҲМнинг 5 минг бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, 5 минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

•    аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари аукционлардан четлатилади (тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга);

•    аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.

Мазкур тартиб электрон савдо платформаси орқали сотилиши ёки ижарага берилиши белгиланган барча турдаги активларга нисбатан татбиқ этилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 38
Рейтинг: 3
Теглар
t
×