ОАВ: Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консули можароли сурат сабаб ротация қилиняпти
Олам
−
22 Март 2019
7572Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консули Ростов-Дон шаҳридаги консулхонага ротация қилинади. Бу ҳақда “Телеграф” хабар берди.
Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консулхонаси раҳбари Жаҳонгир Эргашевнинг Ростов-Донга ўтказилиши унга ўхшаш эркак Москва кўчасидаги ресторанда ухлаб ётгани тасвирланган сурат тарқалиши билан боғлиқ экани таъкидланяпти.
Қайд этилишича, Жаҳонгир Эргашев Ростов-Донга етиб борган ва ўзига турар-жой қарашга ҳам улгурган. Қайд этиш керакки, Ростов-Донда Ўзбекистон консулхонаси очилиши ҳақида ўтган йили маълум қилинганди.
Гап шундаки, “Невские новости” нашри Жаҳонгир Эргашевга ўхшаш эркак Москва кўчасидаги кеча-кундуз ишловчи ресторанлардан бирида стол олдида ухлаб ётгани тасвирланган суратни эълон қилган. Сурат 10 март куни кечаси олинган.
Сурат тарқалгач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари дипломатни қўллаб-қувватлай бошлаган. Негаки, сурат дам олиш куни олинган. Бироқ шунга қарамай, Эргашев Ростов-Донга ротация қилинадиган бўлган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Санкт-Петербургдаги консулхонаси 2018 йилнинг март ойида очилган. Август ойида Жаҳонгир Эргашев консулхонага раҳбар этиб тайинланганди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Жаҳонгир Эргашев фаолиятини Ростов-Донда давом эттиришини тасдиқловчи ёки уни рад қилувчи ҳеч қандай маълумот бермади.
LiveБарчаси