ОАВ – Сенатнинг “илҳом манбаи”. Норбоева 2020 йил якунлари бўйича ҳисобот берди

Жамият

image

Маълумки, ўтган йиллардаги анъанага кўра, жорий йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига Мурожаатнома йўллаб, соҳалар бўйича йиллик фаолият йўналишларини белгилаб берган эди. 

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоева Сенатнинг 2020 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот берди. Қуйидаги асосий тезислар билан танишишингиз мумкин. 

10 та ялпи мажлис, 60 га яқин қонун

Кечаётган йилда пандемия шароитига қарамай деярли ҳар ой, йил бошидан бери 10 та ялпи мажлис ўтказилган. Ушбу мажлисларда 60 га яқин қонун кўриб чиқилган.

“Қонунлар ҳудудлар манфаатларига мослиги даражаси танқидий-таҳлилий кўрила бошланди. Бунинг учун маҳаллий Кенгашлар, олимлар, экспертлар, тажрибали амалиётчилар ва жамоатчилик вакилларининг фикрларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Айни шундай ёндашув асосида шу йилнинг ўзида 6 та қонун рад этилди”, дейди Норбоева.

Сенат фаолиятида янги амалиёт йўлга қўйилди. Амалдаги 30 га яқин қонунлар тизимли таҳлил қилиниб, қонун ости ҳужжатлари билан ўзаро номувофиқликларни бартараф этиш, эски ва бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган нормаларни янгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва Ҳукуматга юборилди. 

Элчилар ва вазирлардан ҳисоб сўраган Сенат

Жорий йилда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш амалиётини йўлга қўйилиб, 10 та мамлакатдаги элчилар ҳисоботлари эшитилган. Бундан ташқари ҳар чоракда Давлат дастури ҳамда Давлат бюджетининг ижросининг бориши тўғрисида Ҳукумат ҳисоботи эшитиб борилмоқда

Шунингдек, йил давомида парламент сўрови институти фаол қўлланила бошланган. Ҳукумат аъзолари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 13 та парламент сўрови юборилган. Бундан ташқари, сенаторлар томонидан жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига 400 га яқин сўров юборилган. 

Сардобадаги тошқин, электр, газ ва кўмир муаммоси

Сенат раиси ўз ҳисоботида Парламент назорати тадбирларига ОАВда, шу жумладан ижтимоий тармоқларда, журналистлар, блогерлар, фуқаролар кўтараётган долзарб масалалар асос бўлаётганини алоҳида урғулаган. 

“Масалан бевосита фуқаролар мурожаатлари асосида “Сардоба” сув омборида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш борасидаги ишлар ҳолати бевосита жойига чиқиб ўрганилди ва натижалари Сенат Кенгашининг Сирдарёда ўтказилган сайёр мажлисида Ҳукумат аъзолари иштирокида муҳокама қилиниб, кўпгина масалалар ҳал этилди. 

Бундан ташқари, фуқаролар, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўп сонли мурожаатлари асосида куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларини газ, электр энергияси ва кўмир билан таъминлашдаги мавжуд муаммолар Сенат Кенгашида танқидий кўриб чиқилди. Мазкур соҳага алоқадор барча мутасадди вазирлик, идора ва тузилмалар раҳбарларидан аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган узилишлар юзасидан тўғридан-тўғри изоҳ сўралди, тегишли чоралар белгиланиб, амалга ошириш учун Ҳукуматга юборилди”, дейди Норбоева.

Қайд этилишича, сенаторлар йил давомида 40 дан зиёд йўналиш ва масалалар юзасидан бевосита ўзлари сайланган ҳудудларда фаолият олиб бордилар. 

Йил бошидан бери Сенатга 13,5 мингга яқин, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали мингдан зиёд мурожаат келиб тушгшан.

3 мингдан ортиқ мурожаат алоҳида назоратга олиниб, атрофлича ўрганилган. Қарийб 600 та ариза ва шикоятда баён этилган муаммоли масалалар асосли деб топилиб, ижобий ҳал этилган.  

Маҳаллий кенгашларнинг қоғозда кенгайган ваколатлари

Давлат раҳбари Мурожаатномада Олий Мажлис юқори палатасининг эътиборини Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашишга қаратган эди. 

Шу мақсадда Сенат томонидан жорий йилда 13 та қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган, 40 дан зиёд фармон ва қарорлар қабул қилиниб, маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари кенгайтирилган.

“Илгари депутатлар ҳар 4-5 ойда, асосан, ташкилий масалалар юзасидан ўтказиладиган сессияларда расмиятчилик учунгина қатнашган бўлсалар, эндиликда депутатлар ҳудуддаги долзарб муаммоларни кўтариб чиқмоқдалар. Масалан, ҳокимларнинг амалдаги қонунчиликка зид бўлган 50 га яқин қарори бекор қилинган. Мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш бўйича мутасадди идораларга мингга яқин таклиф киритилган, шу жумладан 32 нафар мансабдор шахсни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш масаласи қўйилган.

Бундан ташқари яқинда қонунчиликка киритилган ўзгаришларга кўра эндиликда ер ажратиш масаласи ҳам маҳаллий Кенгашларга ваколатига ўтказилди. Бу ҳам ўз навбатида жойлардаги халқ вакилларининг ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ўрни ва ролини кучайтиради деб ҳисоблаймиз”, дейди Сенат раиси.

Шунингдек, Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатидаги ролини янада кучайтириш мақсадида қонунчликка тегишли ўзгартириш киритилган. Яъни Сенатга маҳаллий Кенгашлар ноқонуний қабул қилган қарорларни бекор қилиш ваколати тақдим этилмоқда. 

Маҳаллий Кенгашларнинг ишини янада фаоллаштириш, уларнинг ишчи органини шакллантириш мақсададида яқинда қонунчиликка киритилган қўшимчалар орқали барча даражадаги маҳаллий Кенгашларда котибиятлар ташкил этилган. 

Сенатнинг ҳудудлардаги фаолияти

Сенат томонидан Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент ва Наманган вилоятларини комплекс ривожлантириш масалалари ўрганилган, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари, мутасадди вазирлик ва идоралар фаолияти танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, зарур чоралар белгилаб берилган.

Ҳудудларнинг ривожланиш рейтинги асосида ривожланишдан ортда қолаётган туман, шаҳарларни (“қизил” ҳудудлар) қолоқликдан чиқариш масалалари бевосита ҳудуд раҳбарлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга муҳокама қилинган, зарур топшириқлар белгилаб берилган.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг туман, шаҳарлари, қишлоқ ва овулларини ривожлантириш бўйича ишлар устидан парламент назорати ўрнатилган. Бу борада Сенатда алоҳида янги қўмита, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташкил этилди. 

Халқаро борди-келди 

Норбоевага кўра, Сенат пандемия шароитига қарамай, халқаро парламент муносабатларини ҳам ривожлантириб борган. 

Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия тузилмалар ва бизнес вакиллари билан 80 дан зиёд учрашув, жумладан видемулоқотлар ташкил этилиб, ўзаро амалий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган. 

Хорижий давлатлар парламентлари билан алоқаларни тизимли равишда ривожлантириш мақсадида 40 дан зиёд парламентлараро гуруҳ тузилган. Сенат аъзолари халқаро парламентлараро ташкилотлар доирасида ўтказилган учрашувларда ўз таклифлари билан иштирок этган.

Ўтган йилги фаолият бу йилги ҳисоботда

“Жамият ҳаётининг долзарб йўналишларида тузилган республика даражасидаги комиссиялар бугун Сенат фаолиятида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан Сенат кўриб чиқаётган турли масалалар мазкур комиссиялар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда”, дейди Танзила Норбоева.

Сенат раисига кўра, Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилган. (Сенат раисининг ушбу комиссиянинг ташкил этилгани ҳақидаги маълумоти 2020 йил ҳисоботида тақдим этилиши тушунарсиз ҳолат. Комиссия йиғилиши 2019 йилнинг декабрь ойи ҳам ўтказилганди – таҳр.)

Шунингдек, ҳисоботда мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган қарийб 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани ҳақида сўз боради. 

“Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг агентликларидаги ижобий имижини шакллантириш ишларини парламент даражасида мувофиқлаштириш мақсадида Республика кенгаши ташкил этилди;

Биз барча давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти, иштирокини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириб боряпмиз. Натижада Ўзбекистон 2020 йилда Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги” индексида 19 поғонага, “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага кўтарилди”, дейди Танзила Норбоева.

Жорий йилда Президент Мурожаатномасидан келиб чиқиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ташкил этилгани ҳисоботда алоҳида урғуланади.

“Миллий кенгашда мамлакатимизда коррупцияни жиловлаш бўйича ишлар ҳолати танқидий муҳокама қилинди. Айниқса, қурилиш, давлат харидлари, олий таълим ва соғлиқни сақлашни коррупциядан ҳоли соҳаларга айлантириш бўйича амалий чоралар кўрилди ва бу борадаги ишларни бошқа соҳаларда ҳам олиб бориш вазифалари белгиланди”, дейди Норбоева.

Қолаверса, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг равишда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис палаталари раҳбарлари бошчилигида алоҳида Парламент комиссияси тузилган.

“Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш борасида ҳудудларда олиб борилган ишлар ҳолати Сенат Кенгашида муҳокама қилиниб, мутасадди вазирлик, идоралар ва ҳудуд раҳбарларининг ахборотлари эшитилди”, дейди Сенат раиси.

Норбоева ҳисоботида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссия томонидан мажбурий меҳнатни ҳар қандай кўринишга йўл қўймаслик юзасидан қатъий жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва тарғибот ишлари ташкил қилинганини эслайди. 

“Бунда меҳнат соҳасига оид халқаро конвенциялар доирасида халқаро мажбуриятларни, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан пахта йиғим-терим кампаниясини мониторинг қилиш ва у асосида ишлаб чиқилган тавсияларни бажарилганини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Ушбу амалга оширилган чоралар натижасида бугунги кунда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати буткул тугатилди”, дейди у.

Номи улуғ Ёшлар парламенти ҳақида

Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилди. Бу ҳақда гапираркан, Норбоева шундай дейди: 

“Улар бизнинг ҳақиқий маънодаги ҳамкорларимиз ва кўмакчиларимизга айландилар”.

ОАВ билан ҳамкорлик

Норбоеванинг фикрича, Сенат барча фаолиятини ОАВ билан ҳамкорлик асосида ташкил этган.

“Ялпи мажлисларни онлайн эфирга узатиш доимий асосда амалга оширилмоқда. Айни пайтда Сенат Кенгаши муҳокамалари ҳам тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда. 

Сенаторлар жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим воқеа-ҳодисаларга ҳамда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган фактларга ўз вақтида муносабат билдирмоқда. 

Хусусан, сенаторлар йил давомида матбуот, телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлар орқали 14 мингдан зиёд чиқиш қилдилар. Ушбу амалиётни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқ бўларди, деб ҳисоблаймиз”, дейди Сенат раиси. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат

Баҳолаганлар

5

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг